Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сешанба куни Учтепа туманидаги «Ширин» маҳалласини бориб кўрди. Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, ташриф олдиндан режалаштирилмаган бўлган.

Муз қопланган тротуардан юриб туриб, президент бош вазир Абдулла Арипов иштирокида шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев, туман ҳокими Фарҳод Абдуллаев ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Хидоятов ва бошқа мутасадди раҳбарларга норозилигини билдирди.

«Мана ҳозир, бечоралар чиқади, йиқилади, ким лаънат дейди? Президентга лаънат дейди», — дея танқид қилди Шавкат Мирзиёев. «Сизлар ишламаганларинг учун давлат ёмонга чиқяпти», — деди давлат раҳбари туман ҳокимига юзланиб.

14 декабрь куни тонг вақтида Учтепа туман ҳокимлиги тўқ сариқ рангли жилет кийган одамлар тунда кўп қаватли уйлар киравериши олдидаги йўлларни белкурак ва супурги билан муздан тозалаётгани акс этган бир нечта видеоларни эълон қилди.

«Куни-кеча президентимизнинг Учтепа туманидаги „Ширин“ маҳалла фуқаролар йиғинига ташрифи чоғида кўп қаватли уйларни кириш йўлакларини қор ва муздан тозалаш юзасидан давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган топшириқлар юзасидан мутасадди ташкилотлар томонидан тезкор чоралар кўрилмоқда», — дейилади ҳокимият хабарида.