Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор тузилмалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳар ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг Telegram каналида хабар берилди.

Тадбир давомида, «Олмазор» метроси автошоҳбекатида Matiz русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашинада ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, чет элда ишлаб чиқарилган, қиймати 54 млн сўмлик пиротехника воситалари борлиги аниқланди. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси

Худди шунга ўхшаш ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Мирзо-Улуғбек туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирида ҳам аниқланди.

Маълум бўлишича, фуқаро И.Х.нинг бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси тўхтатиб кўздан кечирилганда, тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий баҳоси 72,5 млн сўмлик «Трения», «Королевский салют», «С новым годом» ва «9D» номли пиротехника воситаларини Тошкент шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб келаётганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 250−1-моддаси (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.