Ўзбекистонда 5 декабрдан бошлаб кунлар совиб кетиши сабабли метродан фойдаланувчи йўловчиларнинг сони кескин ортди. «Тошкент метрополитени» ДУКнинг маълум қилишича, қорли душанба кунининг ўзида 620 минг йўловчи метрода ўз манзилига борган.

Бу ўтган ҳафтанинг бир кунига нисбатан 105 минг (21%) йўловчига кўп.

2020 йил декабрь ойида бир кунда 240 минг йўловчи, 2021 йил декабрь ойида эса кунига 400 минг йўловчи ташилган бўлса, 2022 йил декабрь ойида бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 380 мингга (258%), 2021 йилга нисбатан 220 мингга (155%) ошди.

Тошкент метрополитени йўловчилардан вазиятга тўғри баҳо бериб, транспортдан фойдаланиш қоидаларига доимий амал қилишларини сўрамоқда.

Ҳаракатланиш вақтида ўзаро ҳурматни сақлаш, поезд ичидаги йўловчилар чиқиб кетгунига қадар кириш учун вагон эшиклари олдида турмаслик, манзилга келгач поезддан чиқиш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, вагон эшикларига суянмаслик, шахсий буюмларни вагон ва метро ҳудудида қолдирмаслик талаб этилади, дейилади хабарда.

Бу талабларга амал қилинмаса, метро вагонлари эшиклари ишдан чиқади, ҳар хил носозликлар келиб чиқади ва бунинг натижасида оралиқ интерваллар узайиб кетади.

Қолаверса, метродан доимий тарзда фойдаланувчи йўловчилардан тўловни банк ва транспорт карталари орқали тўлаш тавсия этилади. Бу орқали вақт тежалади ҳамда касса олдида тирбандлик максимал даражада камаяди.