28 ноябрь куни эълон қилинган ҳукумат [(677-сонли] қарори билан «Аттракционлар хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламент тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Ҳужжатда белгиланишича, аттракцион бошқариш тизимларида огоҳлантириш сигнализацияси ва хавфли вазиятлар вужудга келишига олиб келадиган аттракцион ишлашидаги носозликлар ҳақида огоҳлантириш учун воситалар бўлиши керак. Оператор огоҳлантириш воситаларига маълумотларнинг хатосиз, ишончли ва тез қабул қилинишини таъминлайди.

Aттракционни фақат бошқариш органи ишга туширади ҳамда тўхтатилгандан кейин қайта ишга туширади.

Бундан ташқари қурилмаларнинг ҳаракатланувчи қисмлари улар шикаст етказиши мумкин бўлган зоналарга одамлар киришининг олдини олувчи тўсиқлар билан жиҳозланган бўлиши зарур. Улар фақат асбоблар ёрдамида очиладиган даражада бўлиши шарт. Тўсиқларнинг эшиклари қулфланувчи мослама билан жиҳозланиши керак.

Занжир, арқон ёки камарнинг йиғиш бирлиги ҳисобланмайдиган ҳар бир қисми тамғаланган бўлиши, агар бунинг иложи бўлмаса, ишлаб чиқарувчи номи ва унинг жойлашган жойи кўрсатилган тахтача ёки ечилмайдиган ҳалқага эга бўлиши керак.

Аттракционга кириш жойи олдида соғлиғи, ёши, бўйи ва вазни бўйича аттракциондан фойдаланишга оид чекловлар тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилиши лозим.

Шунингдек, қарор билан ҳар бир фойдаланилаётган аттракционга кириш жойи олдида сўнгги йиллик текширув ўтказилган сана ва кейинги йиллик текширувни ўтказиш санаси тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи ахборот тахтачаси жойлаштирилиши керак.