Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида Сурияга кетиб, ИШИД террористик ташкилоти сафига қўшилишни мақсад қилган 2004 йилда туғилган қиз қамалди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Бунга қизнинг ижтимоий тармоқлар орқали террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган «Абдуллох Зуфар», «Абдуллох Бухорий», «Содиқ Самарқандий» ва бошқаларнинг маърузаларини тинглаб, уларнинг таъсирига тушиб қолгани сабаб бўлган, дейилади хабарда.

Террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари: чапдан Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Бухорий, Содиқ Самарқандий. Видеодан лавҳа: ЎзА

У ноқонуний ташкилотларнинг аъзолари билан виртуал мулоқотга киришган ва Сурияга бориб, у ердаги ИШИД террористик ташкилоти сафига қўшилишни мақсад қилган. Бунинг учун ота-онасига билдирмай хорижга чиқиш паспортини расмийлаштирган.

«2021 йил 17 ёшимда ўзимда дин бўйича туғилган саволларга интернетдан жавоб олиш учун Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Бухорий, Содиқ Самарқандийларнинг маърузаларини эшитганман. Шунинг таъсирига тушиб адашиб қолдим. 2022 йилда бир қизга тилла зирагим ва кийим-кечагимни бериб, уйдагиларимдан яшириб, кийимларимни сақлаб туришини айтганман. Зиракни сотиб, чемодан сотиб олганман ва кийимларимни солиб қўйганман. Қолган пулига қизил паспорт сотиб олганман. Буни яқинларим билишмаган. 26 март куни Сурияга чиқиб кетмоқчи эдим. 25 март куни қўлга олиндим. Ҳақиқатдан ҳам қилган ишимдан пушаймонман», — деди у.

Қиз ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қўлга олиниб, жиноят иши қўзғатилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, қизнинг уяли телефони хотирасидаги материаллар орасида «Тавҳид ва жиҳод катибаси», «Ислом жиҳоди иттиҳоди» террористик ташкилотларига тегишли ҳамда ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маълумотларни топди.

Жиноят кодексида уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ёхуд намойиш этиш тақиқланган.

Суд ҳукмига кўра, мазкур фуқаро Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилди ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.