Тошкентда 14−16 ноябрь кунлари ЮНЕСКОнинг эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтади. Бу ҳақда, «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, Мактабгача таълим вазирлигида 10 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинган.

Тадбирда 150 га яқин давлатдан мутахассислар иштирок этиши кутилмоқда. Конференциянинг 15 ноябрь кунги сессияларида ЮНEСКО бош директори Одри Азуле ҳам қатнашиши кутилмоқда.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шиннинг маълум қилишича, тадбирдан кўзланган мақсад мақсад — «жаҳон ҳамжамияти эътиборини мактабгача таълим билан боғлиқ долзарб масалаларга қаратиш, илғор тажрибаларимизни тақдим этиш, ҳамкасблар билан тажриба алмашиш».

Тадбир якунида мактабгача таълим соҳасида 2030 йилгача бўлган халқаро кун тартибини белгилаб берувчи Болаларга таълим-тарбия бериш бўйича Тошкент декларацияси имзоланиши кўзда тутилган.

Маълумот учун, мазкур халқаро тадбирни ўтказиш учун Мактабгача таълим вазирлиги бешта компания билан 19,1 млрд сўмлик шартномалар тузгани айтилмоқда. Вазирлик матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаеванинг таъкидлашича, ушбу шартномалар ҳақида «глобал форумдан кейин маълумот бериш мумкин».

«Саволларингизни тегишли бошқармага жўнатиб юбордим, лекин мутасадди ходимларнинг ҳозир бунга вақти йўқ, айни вақтда улар 1,5 минг нафар меҳмонни жойлаштириш масалалари билан банд», — деб жавоб берган у «Kun.uz»нинг сўровига жавобан.