Ижтимоий тармоқларга ниқоб таққан икки нафар шахснинг Навоий вилояти ҳокимият биноси олдида қуролдан ўқ узганлиги акс этган видеолар тарқалди. Ички ишлар вазирлиги ҳолатга изоҳ берди.

Маълум бўлишича, юзи ниқоб билан яширинган икки йигитнинг қуролдан ўқ узган видеоси кўплаб норозилик ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Видео аслида жорий йилнинг август ойида тасвирга олинган бўлиб, 7 ноябрь куни интернетга юкланган.

«Мақсад ёмон эмас эди. Шунчаки қизиқиб, кўрган видеоларимизга тақлид қилиб шундай қилдик», — дейди тартиббузарлардан бири.

Шунингдек, улар видеони тасвирга олиш учун махсус ниқоб тиккани ҳам айтиб ўтилди.

Ҳолат юзасидан жамоат тартибини бузган шахснинг мактаб раҳбарига мурожаат қилинганда, у намунали, дарсларда доим фаол қатнашадиган ўқувчи экани маълум бўлди.

Ҳозирда тергов олди суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.