8 ноябрь куни президентнинг [ПҚ-416-сонли], «Архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Қарорга кўра Тошкент архитектура-қурилиш институти университети сифатида қайта ташкил этилиб, у муҳандислик, архитектура, қурилиш ҳамда қурилиш материаллари технологиялари йўналишларига ихтисослаштирилади.

Ҳудди шундай тарзда, Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳам университет сифатида қайта ташкил этилиб, маданий мерос объектларини тиклаш, дизайн, архитектура, қурилиш, урбанизация ва муҳандислик йўналишларига ихтисослаштирилади.

Университетларда ўқув жараёнлари давлат, инглиз ва бошқа хорижий тилларда кредит-модуль тизими асосида олиб борилади ва илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширишга йўналтирилган Олий илм-фан мактаби ташкил этилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб университетларга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади.

Университетлар тузилмасида Стратегик ривожлантириш бўйича биринчи проректор лавозими жорий этилади.

2023 йил 1 мартга қадар бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини халқаро таълим ва касб классификаторларига мувофиқ мақбуллаштирилади.

Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузурида технопарк, Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳузурида инкубация маркази ташкил этилади.

Маълумот учун, ҳукуматнинг 2021 йил 21 августдаги қарори билан Эржан Кахя Тошкент архитектура-қурилиш институти ректори этиб тайинланганди.