7 ноябрь куни пойтахтга ташриф буюрган Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ғалаба боғида қурилиши режалаштирилган Ленинград монументи ҳайкалига тамал тошини қўйишди, деб хабар берди Санкт-Петербург админстрацияси.

Ушбу ҳайкал қамалдаги Ленинграддан эвакуация қилинганларни қабул қилган ўзбек халқига миннатдорлик белгиси сифатида ўрнатилади, дейилади хабарда.

«Ленинградлик-петербургликлар қалбида қамалда қолган, Ленинградни ҳимоя қилган ўзбек аскарларига чуқур миннатдорлик ҳисси бор. Бизни минглаб эвакуация қилинган ленинградликларни ўз ерларига қабул қилган республика аҳолиси хотираси бирлаштиради», — деди Александр Беглов.

Фото: Санкт-Петербург админстрацияси матбуот хизмати

Шунингдек , у Санкт-Петербург номидан Иккинчи жаҳон уруши йилларида 5 мингдан ортиқ Ленинград блокадасидан омон қолганларга бошпана берган Ўзбекистонга чуқур миннатдорлик билдирди.

Пойтахт ҳокимлигида Санкт-Петербург шаҳрининг губернатори Александр Беглов бошчилигида Шимолий пойтахтнинг ижро ҳокимияти, савдо-иқтисодий, маданий ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациясининг ташрифи бўлиб ўтди, дея хабар берди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Александр Беглов Санкт-Петербургни Тошкент ва Россиянинг шимоли-ғарбий минтақаси билан ҳамкорлиги учун алоқа марказига айланишга тайёрлигини таъкидлади, бу «шубҳасиз, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳажмини оширишга хизмат қилишини» қайд этди.

Санкт-Петербург раҳбари, шунингдек, шаҳар мева-сабзавот, тўқимачилик маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш, тиббиёт туризмини ривожлантириш, таълим, экология, иқтисодиёт, ижтимоий ва ёшлар сиёсати, меҳнат миграцияси, қурилиш соҳаларида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини айтди.

Тошкент ҳокими Санкт-Петербургда Ўзбекистон тўқимачилик ярмаркасини ташкил этишни таклиф қилди ва Россиянинг шимолий пойтахти инвесторлари иштирокида Тошкентда мебел ишлаб чиқаришни кенгайтиришдан манфаатдор эканини маълум қилди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

«Петербургликлар Ўзбекистондан келаётган юқори сифатли мева-сабзавот маҳсулотларини яхши билишади ва қадрлашади. Шаҳримиз таъминотни кенгайтиришдан манфаатдор. Биз Санкт-Петербургда Ўзбекистондан маҳсулотларни тарқатиш ва сотишга йўналтирилган улгуржи тарқатиш марказлари тармоғини яратиш лойиҳасини амалга ошириш имкониятини кўриб чиқяпмиз», — деди Александр Беглов. Учрашув иштирокчилари меҳнат миграцияси соҳасида ҳам алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Губернатор Отриқхўжаевга 2023 йилда Санкт-Петербургда Тошкент кунларини ўтказиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Учрашув иштирокчилари туризмни, жумладан, тиббий туризмни ривожлантириш истиқболларини ҳам муҳокама қилди.

Тошкент шаҳар ҳокими Санкт-Петербургнинг соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт, савдо, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат муносабатлари ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Учрашув якунида томонлар — Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Санкт-Петербург ҳукумати ўртасида 2022−2026 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини имзолади.

Режа савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича бандларни ўз ичига олган бўлиб, шу қаторда меҳнат ва ижтимоий сиёсат, фан ва таълим, уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш, маданият ва спорт, экология, ёшлар соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришни назарда тутади.