Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов душанба кунги анъанавий брифингда Шавкат Мирзиёевнинг шу ҳафтадаги иш режасидан ўрин олган тадбирлар ҳақида ахборот берди, дея маълум қилди блогер Азиза Қурбонова.

7 ноябрь кунининг биринчи ярмида президент БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти бош котиби З.Пололикашвили билан учрашув ўтказди. Унда 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши кутилаётган Жаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессияси кун тартиби ва ташкилий масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Куннинг иккинчи ярмида давлат раҳбари маҳаллий саноатни янада ривожлантириш борасида мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш юзасидан видеоселектор йиғилишини ҳам ўтказади.

Ҳафта давомида Савдо-саноат палатаси раҳбариятининг тадбиркорлар билан «очиқ мулоқот» ижроси бўйича президентга ҳисобот бериши кўзда тутилган.

11 ноябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Тадбирда 5 та аъзо мамлакат — Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда 2 та кузатувчи — Туркманистон ва Венгрия мамлакатлари раҳбарияти иштирок этиши кутилмоқда.

Шунингдек, саммитда Ташкилот Бош котиби, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби, Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси (ТУРКПА) бош котиби, Халқаро туркий академия президенти в.б., Туркий мерос ва маданият фонди президенти, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар Кенгаши раиси ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

Самарқанд саммитида 10 дан ортиқ ҳужжат имзо учун киритилади.

Тадбирнинг асосий ҳужжати бу — аъзо мамлакатларнинг энг муҳим минтақавий ва глобал муаммолар бўйича мужассамлашган позициялари ўз ифодасини топган Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити декларациясидир.