Тошкент шаҳри, Сирдарё, Фарғона ва Наманганда наркотик моддалар савдоси билан шуғулланганлар аниқланди. Бу ҳақда ДХХнинг жойлардаги бошқармалари ходимлари ўтказган рейд тадбирларида маълум бўлди.

Хусусан, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 46 ёшли бухоролик ва 64 ёшли жиззахлик икки фуқаро 874 гр «опий» моддасини 18 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлгани ҳақида хабар берилди.

Тезкор тадбирда Тожикистондан келтирилган ушбу наркотик модданинг асл эгаси Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи 66 ёшли шахс экани аниқланиб, у ҳам қўлга олинди.


Яна бир ҳолатда, сирдарёлик 46 ёшли фуқаро (муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган) 37 ёшли тошкентлик таниши билан Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида учинчи шахсдан икки дона ўрамдаги наркотик модда олган. Аниқланишича, у қўшни Тожикистон ўтказилиб, хуфиёна жойга яшириб кетилган бўлган, дейилади ДХХ хабарида.

Тафсилотларга кўра, икки шахс уни ўзаро тенг бўлишиб, бири Бўка тумани томон, иккинчиси эса Тошкент шаҳри томон кетган.

ДДХнинг Сирдарё вилояти бошқармаси ва божхона ходимлари улардан бирини Оҳангарон туманида 988 гр «гашиш» билан, иккинчисини эса Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 887 гр «гашиш» моддаси билан қўлга олди.



Шунингдек, Фарғонанинг Қувасой шаҳрида яшовчи 35 ёшли, муқаддам судланган фуқарони Қирғизистондан Ўзбекистонга контрабанда йўли билан ўтказилган 1 кгдан ошиқроқ «гашиш» моддасини келгусида сотиш мақсадида вилоятига олиб келган вақтида ДХХ ходимлари қўлга олгани маълум бўлди.



Яна бир ҳолатда икки фарғоналик фуқаро Қирғизистондан келтирилган 974 гр «гашиш» моддасини Қува туманида қабул қилиб олиб, вилоят марказига кетаётган вақтида ушлангани айтилмоқда.

Тезкор рейд тадбирлари Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида ҳам ўтказилди. Унда Андижоннинг Қўрғонтепа туманида яшовчи муқаддам судланган фуқаро ва яна бир шахс 430 гр. «гашиш» моддасини сотмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди.

Маълум бўлишича, улар Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган мазкур гиёҳвандлик воситасини Қўрғонтепа туманида яшовчи, 22 ёшли (муқаддам судланган) шахсдан олганлиги аниқланиб, у ҳам ушланди.


Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.