2 ноябрь куни Hyatt Tashkent Regency меҳмонхонасида «Ўзсувтаъминот» АЖ ва БААнинг Abu Dhabi Sewerage Services Company (ADSSC) компанияси ўртасида «Тошкент вилоятида янги сув тозалаш ва оқова сув иншоотини қуриш лойиҳасини ишлаб чиқишни бошлаш тўғрисида»ги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Битимга мувофиқ, ADSSC янги объектни молиялаштириш, қуриш ва фойдаланиш шартлари бўйича кейинги келишув учун лойиҳанинг конфигурацияси ва унинг асосий параметрларини аниқлаш учун тадқиқот ўтказади.

Лойиҳа доирасида Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани «Сурум» МФЙ ҳудудида кунлик қуввати 1 миллион метр кубдан зиёд бўлган замонавий оқова сув тозалаш иншооти қурилади. Бу 3-оқова сув насос станцияси, «Бектемир» ва «Бинокор» иншоотларига келаётган оқова сувларни ўзи оқар тарзда қабул қилиш имкониятини беради. Натижада бир кеча кундузда 55,4 кВт электр энергияси тежалишига эришилади.

Янги оқова сув иншоотининг биринчи босқичи якунланганидан сўнг, Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидаги 400 мингдан ортиқ аҳоли, корхона ва ташкилотлар марказлашган оқова сув хизмати билан қамраб олинади.

Маълумот учун, ADSSC 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, сув тозалаш иншоотларини қуриш ва бошқаришга ихтисослашган ADQ давлат холдинг инвестиция компанияси таркибига киради.