1 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков раислигида халқ таълими тизимидаги мавжуд муаммоларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Жумладан, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида оддий мактабни ихтисослаштирилган мактабга айлантириш чоғида масъуллар томонидан йўл қўйилган ўзбошимчалик ва ўз ишига совуққонлик жиддий танқид қилинди.

Йиғилишда айтилишича, мазкур жараёнларда вилоят ҳокимлиги томонидан ўқувчиларни жойлаштириш мақсадида янги мактаб очиш таклифи берилган, Халқ таълими вазирлиги эса «тегишли тартибда зарур бино ва жиҳозлар билан таъминлангандан сўнг» мактаб очилишига рухсат берилган. Токи масаланинг ҳужжатли ишлари ва бинони тайёрлашга оид ташкилий масалалар кўрилгунгача, ўқувчилар 5−6 километр наридаги мактабга қатнашга мажбур бўлишган. Бу эса ота-оналарнинг эътирозларига сабаб бўлган.

Бу ўртада мактабнинг собиқ директори ташаббуси билан аҳолининг уйида болаларга дарс ўтиш бошланган.

«Бу нима деган гап?! Инсон қадри шуми? Тошкентда, ёзда салқин, қишда иссиқ кабинетларда ўтирган амалдорлар болалари қишлоқнинг лой йўлларида ҳар куни 10 километрлаб юришига, аҳоли уйларида ўқишига рози бўлишармиди? Яна уйларда таълим бераётган ўқитувчиларга маош ҳам берилмаяпти экан. Ўқитувчининг нима айби бор бу ерда?!», — дея эътироз билдирди Сардор Умурзаков.

Йиғилишда барча масъуллар, жумладан Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда Шўрчи тумани ҳокими Бахтиёр Худойберганов вазиятга изоҳ берар экан, мазкур ҳолатлар ўз тасдиғини топганини тан олди. Айтилишича, ушбу ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, зудлик билан Шўрчи туманига юборилган.

Шўрчи тумани ҳокими Бахтиёр Худойберганов ўқувчиларга аҳоли уйларида дарс берилаётганидан хабарсиз қолганини, бу ташаббус ўзбошимчалик билан ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари ва туман халқ таълими бўлими бошлиғи томонидан ташкил қилинганини маълум қилди.

«Юзлаб болалар сарсон бўлиб юрсаю, ҳокимлик вакиллари бунга бефарқ қараса, шуми давлат раҳбари билдирган ишончга муносабат?! Демак, ишига масъулиятсизлик билан қараган туман ҳокими ўринбосари ва халқ таълими бўлими мудири ишдан олинсин ва уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш керак. Туман ҳокими Бахтиёр Худойбергановга эса ҳайфсан берилсин. Агар зудлик билан вазият ўзгармаса, ҳокимият биноси бўшатилиб, болалар шу бинода таълим олишади. Мен мутлақо жиддий айтяпман. Ҳоким уйида ташкил қилаверсин ишини», — деди Администрация раҳбари.

Шунингдек, Сардор Умурзаков Шўрчи воқеаси ҳар бир вилоят ва ҳар бир туман ҳокимлигига ўрнак бўлиши кераклиги, Халқ таълими вазирлиги билан бирга комиссия тузилиб, ташкил этилиши режалаштирилган 168 та ихтисослаштирилган мактаб хатловдан ўтказилиши, ҳар бир мактаб бўйича керак бўлса ўқитувчи ва ўқувчилар кесимида аниқ ахборот киритиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.