Марказий банк тақдим этган маълумотларга кўра, 2022 йил 1 октябрь ҳолатига ипотека кредитлари қолдиғи 43,2 трлн сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 32 фоизга (10,4 трлн сўмга) ўсган бўлса, 2022 йил 9 ойи давомида 53 541 нафар фуқарога ипотека кредитлари ажратилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (2021 йил 9 ойи давомида 41 932 нафар фуқарога 6,1 трлн сўм) 68 фоизга ёки 4 193,1 млрд сўмга ошиб, 10,3 трлн сўмни ташкил этди.

Шундан, Молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан 41 245 нафар фуқарога 7,6 трлн сўм ҳамда банк ўз маблағлари ҳисобидан 11 351 нафар фуқарога 2,6 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган.

Мазкур даврда ажратилган жами ипотека кредитларининг 8 трлн сўми ёки 76 фоизи (нафарга нисбатан) бирламчи бозордаги уйларга, 2,3 трлн сўми ёки 24 фоизи иккиламчи бозордаги уйлар учун йўналтирилган. Ушбу кредитларнинг 41 фоизи (21 725 нафар) хотин-қизлар ҳисобига тўғри келади.


Эътиборлиси, банклар ўз маблағи ҳисобидан ажратган ипотека кредитларининг жами ажратилган ипотека кредитларидаги улуши 9 ойда 25,2 фоизни (2 608,8 млрд сўм) ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (654,1 млрд сўм, жами ажратилган ипотека кредитларидаги улуши 11 фоиз) 299 фоизга ёки 4 баробарга ошган.

Жумладан III чорак якуни бўйича «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК ҳамда «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК томонидан қурилган уйларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитларининг жами ажратилган ипотека кредитларидаги улуши 16,5 фоизни (1 705,4 млрд сўм) ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 23 фоиз (1 412,5 млрд сўм) бўлган бўлса, мазкур даврда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг бозор тамойилларига асосланган «Янги тартиб» доирасида ажратилган ипотека кредитларининг улуши 46,5 фоиздан (2 861,5 млрд сўмга) 57 фоизга (5 898,7 млрд сўмга) ошди.

Ҳудудлар кесими бўйича таҳлил қилинганда, 1 октябрь ҳолатига ажратилган ипотека кредитларининг 61 фоизи 5 та ҳудудлар ҳиссасига тўғри келиб, бунда 30,7 фоизи (3 175,8 млрд сўм) Тошкент шаҳри, 8,4 фоизи (869,6 млрд сўм) Фарғона, 8,2 фоизи (847,3 млрд сўм) Самарқанд, 7,3 фоизи (755,1 млрд сўм) Андижон ҳамда 6,3 фоизи (648,8 млрд сўм) Сурхондарё вилоятида истиқомат қилувчи фуқароларга ажратилган.

Ўтган 9 ойда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитлари ҳисобига сотиб олинган уй-жойларнинг ўртача нархлари таҳлил қилинганда, хонадонларнинг нисбатан баландроқ нархи Тошкент шаҳрида (463,8 млн сўм), Андижон (311 млн сўм), Сурхондарё (297,1 млн сўм) ва Самарқанд (296,6 млн сўм) вилоятларида шаклланган бўлса, нисбатан паст нархлар Хоразм вилояти (194,5 млн сўм), Қорақалпоғистон Республикаси (200,7 млн сўм) ва Қашқадарё вилоятида (224 млн сўм) кузатилди.

Республика миқёсида ҳудудларда бирламчи бозордаги уй-жойлар сотилишининг ўртача нархлари 2022 йил сентябрь ойи учун таҳлил қилинганда, квартираларнинг 1 кв.метри учун ўртача нархлари Тошкент шаҳрида (9,4 млн сўм), Самарқандда (8,3 млн сўм) ва Тошкент вилоятида (5,8 млн сўм) нисбатан энг юқори нархлар бўлса, Хоразм (3,1 млн сўм) Жиззах (3,7 млн сўм), Сирдарё (3,7 млн сўм) вилоятларида нисбатан паст нархлар кузатилди.

Иккиламчи бозордаги кўчмас мулк учун энг қиммат нархлар 1 кв. м учун Тошкент шаҳри (9,7 млн сўм) ва Самарқанд (6,4 млн сўм) ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, ипотека кредитларининг 21 фоизи (2 347,6 млрд сўм) 18−30 ёшгача, 70 фоизи (7 149,7 млрд сўм) 31−50 ёшгача, 9 фоизи (845,1 млрд сўм) эса 50 ёшдан юқори фуқароларга ажратилган.

Кредитларни сўндириш бўйича «Ипотека банк» томонидан 641,1 млрд сўм (жами сўндирилган ипотека кредитларининг 24,4 фоизи) сўндирилган бўлса, мазкур кўрсаткич «Қишлоқ қурилиш банк»да 574,9 млрд сўмни (21,9 фоиз), «Миллий банк»да 316,7 млрд сўмни (12,1 фоиз), «Ўзсаноатқурилиш банки»да 230,3 млрд сўмни (8,8 фоиз) ташкил этмоқда.