1 октябрдан Самарқанд халқаро аэропортида «Очиқ осмон» режими жорий этилади. Транспорт вазирлиги матбуот хизмати бундан мамлакатнинг туризм салоҳиятини ошириш, янги барпо этилган Самарқанд халқаро аэропорти имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш ҳамда авиаташувлар бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш мақсад қилинганини маълум қилди.

«Очиқ осмон» режими Самарқанд халқаро аэропортининг техник имкониятларини инобатга олган ҳолда халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ хорижий авиакомпаниялар учун рейслар ва йўналишлар бўйича чекловларнинг бекор қилинишини англатади, дейилади хабарда.

Эндиликда хорижий авиакомпаниялар ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъий назар Самарқанд халқаро аэропортига авиақатновларни амалга ошира олади.

1 октябрь санасидан Самарқанд халқаро аэропортида янги тартибнинг жорий этилганлиги тўғрисида чет эл авиация маъмуриятлари ўрнатилган тартибда хабардор этилди.