2022 йилнинг август-сентябрь ойлари давомида республиканинг турли вилоятларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болаларнинг жами 36 нафари ич кетиши, кўнгил айниши каби ҳолатлар билан шифохонага ётқизилгани аниқланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева АОКАда ўтказилган брифингда гапирди.

Жумладан, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 39-сонли ДМТТдан 8 нафар, Марғилон тумани 16-сонли ДМТТдан 8 нафар, Марғилон шаҳар 24-сонли ДМТТдан 4 нафар, Навоий вилояти Кармана туманидаги 16-сонли ММТдан 11 нафар, Қашкадарё вилоятининг Қарши шаҳрида жойлашган 32-сон ДМТТдан 5 нафар бола юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган.

«Олтиариқ туманидаги 39-сонли мактабгача таълим ташкилотида қайд этилган гуруҳли овқатдан заҳарланиш ҳолати бўйича бактериологик лаборатория таҳлиллари натижаларига кўра, таълим ташкилотида тайёрланган таомларнинг кунлик намуналаридаги сарёғли нонда ва банан ҳамда олмадан тайёрланган мевали салатда ичак таёқчаси бактериялари гуруҳига мансуб ичак таёқчалари, творогли ватрушка ва сутли какаода тилла рангли стафилакокк микроблари аниқланган. Шунингдек, омборхонада сақланаётган қиймаланган мол гўшти ва мол суяги намуналаридан ҳам ичак таёқчаси бактерияси топилган», — дейилади вазирлик хабарда.

Ушбу боғча вақтинчаликка ёпилган, барча тегишли санитария гигиена ва дезинфекция холатлари ўтказилганидан сўнг, бактериялар аниқланган Олтиариқ туманидаги ДМТТлар қайта фаолиятини бошлади.

Шу билан бирга, вазирлик топшириғига асосан сифатсиз етказиб берилган озиқ овқат махсулотларини етказииб берадиган ташкилотлар билан ҳам шартномалар бекор қилиш чоралари кўрилмоқда. Овқатдан заҳарланган болалар тегишли мутахассислар томонидан белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилган ва уларнинг умумий холати қониқарли деб баҳоланган.

Бундан ташқари, касалланиш ҳолати кузатилган болалар билан бир гуруҳдаги тарбияланувчилар ҳам текширувдан ўтказилганда ҳеч қандай касалланиш ҳолати учрамаган. Таълим ташкилотидаги 8 нафар бола билан гурухда бўлган 26 нафар бола ҳам стационар шароитда назоратга олинган бўлиб, уларнинг соғлиғида касаллик аломатлари кузатилмаган.

CЭО ва ЖС хизмати Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар бўлимининг хулосасига кўра, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига «овқатдан заҳарланиш инфекцияси» гумони билан 2022 йил 19 сентябр куни Қарши шаҳридаги 32-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари томонидан мурожаат келиб тушган.

«Ўтказилган эпидемиологик суриштирув ва текширув натижаларига кўра, бактериологик лабораториясига олинган 15 та суртманинг 5 тасида 33,3 фоиз ичак таёқчалари бактериялари гуруҳи аниқланган, суткалик овқат намуналарида эса бактериялар аниқланмаган. Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизаматининг санитария-гигиена лабораториясига тақдим қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари Санитария қоида ва меъёрларига мос келиши аниқланган», — дейилади хабарда.

Вазирликнинг қайд этишича, юқоридаги санитария хулосаси мисолида диареяга сабаб бўладиган омилларга фақатгина овқатланиш жараёнини сабаб қилиб келтирмаслигингиз зарур. Чунки, бундан ташқари ҳам диареяга сабаб бўлувчи кўплаб омиллар мавжуд.

Бактерия ва паразитлар болаларни ўткир диарея билан оғришига сабаб бўлади. Бунга олиб келадиган омилларга фақатгина муддати ўтган овқатни эмас, қўлни тоза ювмаслик, мева ва сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш каби сабабаларни ҳам келтириб ўтиш мумкин. Шу билан бирга, ич кетиши, иситма, кўнгил айниши каби ҳолатлар фақатгина овқатдан заҳарланиш жараёнида кузатилмайди.

Мазкур ҳолатларда Санитария-Эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг хулосаси берилмагунига қадар бундай холатларни овқатдан захарланиш деб бўлмайди.

Вазирлик ота-оналар, мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ҳамда ошпазларига мурожаат қилиб, болаларнинг қўллари тозалигига, мева ва сабзавотларни тоза сувда ювган ҳолда истеъмол қилаётганлигига эътиборли бўлишларини сўради. Куз мавсумида қўзғалиш хавфи бор бўлган ўткир инфекцияли касалликларнинг олдини олишга ҳаракат қилишларини қайд этди.

«Шу ўринда, айрим журналистлар ҳамда блогерларга манбани тўлиқ ўрганмасдан, маълумотларга қисман таянган ҳолда ахборот тарқатмасликларини сўраб қоламиз. Бундай маълумотлар фуқароларимизда салбий кайфият уйғотишини ҳисобга олган ҳолда, фактлар асосидаги маълумотларга таянган ҳолда фаолият олиб боришларини сўраб қоламиз», — дея қўшимча қилинади вазирлик хабарида.