Президент 22 сентябрь куни «Республикада капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Унда белгиланишича:

  • 2023 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги буюртмачи хизматлари ва уларнинг ҳудудий филиаллари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги буюртмачи хизматининг ҳудудий филиаллари тугатилади;
  • тугатилаётган буюртмачи хизматлари томонидан марказлашган манбалар ҳисобидан лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилаётган объектларнинг буюртмачиси сифатида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияларини белгиланади;
  • 2023 йил 1 январга қадар инжиниринг компанияларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини давлат унитар корхонаси шаклига ўзгартирилади.

Инжиниринг компаниялари тугатилаётган буюртмачи хизматларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.

Бундан ташқари қарор билан 2023 йил 1 январдан бошлаб оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида муҳим объектларнинг эскиз лойиҳасини ишлаб чиқиш учун буюртмачи хизмати томонидан архитектура танловини ўтказиш бўйича мажбурий тартиб белгиланди.

Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилишда техник меъёрлаш маркази ва Қурилишда стандартлаштириш республика маркази негизида давлат муассасаси шаклида Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.