Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида фуқаро йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмагани учун 63 та маъмурий жарима учун 50 млн сўм тўлади. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Келтирилишича, фуқаро А.А. га йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмагани сабаб йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан жами 63 та маъмурий баённома тузилган. Бунинг ҳисобига ундан 50 млн сўм миқдорида маъмурий жарималар ундириш белгиланган.

Қарор ижросини таъминлаш учун туманнинг МИБ ходимлари қарздор фуқаронинг Cobalt русумли машинасини хатлаб олиб, 63 та жарима учун 50 млн сўм миқдоридаги пулни тўлиқ ундириб олди ва ижро иши қонуннинг 41-моддасига асосан тамомланди.