Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари иқлим ўзгариши шароитида Ўзбекистонда дарё сув ресурсларидан фойдаланган ҳолда «яшил» электр энергиясини ишлаб чиқаришга таъсир этувчи омилларни ўрганди.

Маълум бўлишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда йиллик электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий қуввати 12,9 ГВтни ташкил этиб, шундан 2,05 минг МВт қисми ёки 15,8 фоизи ГЭСларнинг улушига тўғри келмоқда.

ГЭСлар орқали электр энергия ишлаб чиқаришга бир қатор омиллар (ўртача йиллик сув оқими, деривацион канал сув сарфи, энг юқори ва энг паст ҳарорат, ёғингарчилик) муҳим роль ўйнайди. Аммо, иқлим ўзгариши ва табиий ресурсларни (қор ва ёмғир ёғингарчиликлари) башорат қилишда ноаниқликлар мавжуд бўлганлиги сабабли Гидроэнергетика тармоғида барқарор электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмларини режалаштиришда маълум қийинчиликлар кузатилади.

Ушбу тадқиқот доирасида ГЭСларда барқарор электр энергия ишлаб чиқаришни ишончли режалаштиришда муҳим аҳамиятга эга омилларни аниқлаш мақсадида Ўрта-Чирчиқ ГЭСлар каскади мисолида корреляция ва регрессия таҳлили амалга оширилди.

ПМТИ ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики бошқа омилларга қараганда йиллик ўртача сув оқими электр энергиясини ишлаб чиқаришни башорат қилишда энг муҳим кўрсаткич эканлиги аниқланди. Яъни, электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмини аниқроқ режалаштириш бевосита сув оқими омилига боғлиқ бўлади.

Натижада, модель тенгламасидан фойдаланган ҳолда, Чирчиқ дарёсидаги ўртача йиллик сув оқими 1 бирликга кўпайса, бошқа омиллар ўзгармаган ҳолда (Ceteris paribus фарази билан), электр энергиясини ишлаб чиқариш 327,6 бирликга ошишини башорат қилиш мумкин.

Яъни, агар сув оқими шартли равишда йиллик 10 млрд. м3 кўрсаткичга яқинлашса, Ўрта-Чирчиқ ГЭСлари каскади томонидан электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 4,4 млрд. кВт соатни ташкил этишини прогноз қилиш мумкин. Яъни иқтисодий тармоқлар учун зарур электр энергия ресурсини режалаштириш бевосита сув оқими ҳажмини прогнозлаштириш имкониятлари ва салоҳиятига боғлиқ. Бу борада илғор жаҳон тажрибасини ўрганиш мазкур прогнозларни янада аниқроқ қилиш ва ресурс таъминоти билан боғлиқ оптимал қарорларни қабул қилиш имконини беради.

Шунингдек, тараққиёт стратегиясига асосан, 2026 йилга бориб Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг ҳажми 10 920 МВтга, жумладан гидроэлектр станциялар ҳажми эса 2 920 МВтга етказилиши кўзда тутилган. Пировардида мамлакатда «яшил» электр энергияси ишлаб чиқаришни 25 фоизга етказилиши белгиланган.

Ушбу мақсадли кўрсатгичларга эришиш учун мавжуд ГЭСлар модернизация қилинмоқда, шунингдек ҳудудлар кесимида ҳар бирининг қуввати 5 МВтгача микро ГЭСларни қуриш бўйича 200 та бизнес-лойиҳаларни молиялаштириш учун xусусий инвесторларни жалб қилиш сxемаси тасдиқланди.

ПМТИ тадқиқотида ишлаб чиқилган модель Ўрта Чирчиқ ГЭСлар каскадида элэктр энергия ишлаб чиқаришни прогнозида деривацион каналдаги сув сарфи, ҳарорат ва ёғингарчилик каби омилларга қараганда дарё сув оқими энг муҳим таъсир этувчи омил эканлигини аниқлади.

Яъни, мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқаришни жадаллаштириш ва «яшил» стандартларга ўтиш бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун ресурсларни сафарбар этишда сув оқими прогнозини аниқлаштирувчи юқори теҳнологик ечимларни ўзлаштириш ва замонавий усулларни қўллаш энг муҳим вазифалардан бўлиб қолади.