Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Pbs нашрига берган интервьюсида Россия ва Украина ўртасидаги можаролар жуда муаммоли тус олаётганини қайд этиб, томонлар ўзаро манфаатли келишув доирасида урушга тезроқ барҳам бериши кераклигини таъкидлади.

«Ўзбекистонда президент Путин билан жуда қизғин суҳбат олиб бордик. У менда урушнинг тезроқ якун топишини ҳохлагандек таассурот қолдирди. Чунки ҳозир вазият жуда муаммоли тус олмоқда», — деди Эрдоған.

Шунингдек, Украинада тинчлик ўрнатиладиган бўлса, албатта, босиб олинган ерни қайтариш жуда муҳим эканлигини ҳам қайд этди. «Бу кутилаётган нарса. Жаноб Путин бу борада муайян қадамлар қўйди. Биз ҳам ҳудди шундай қилдик. Босқин қилинган ерлар Украинага қайтарилади», дея қўшимча қилди у.

Унинг сўзларига кўра, 200 нафар гаровга олинганлар Москва ва Киев ўртасидаги келишувга кўра алмаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, 15−16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ШҲТ саммити бўлиб ўтганди. Унда аъзо ва кузатувчи давлатлар икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар олиб борди.