Тошкент вилояти Паркент тумани «Хўжа» маҳалласида яшовчи фуқаролардан бирининг ҳовлисида занглаган мис тангалари топилди, дея хабар бермоқда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати.

Маҳалладаги хонадонларнинг бирида яшовчи Насиба Бегматова уйида ўра қаздираётганида мис тангалар топиб олган ва бу ҳақда мутахассисларга хабар берган. Фанлар академияси Миллий археология маркази катта илмий ходими Дилмурод Нормуродов ва Маданий мерос агентлиги бош археологи Алишер Ярқулов ҳамда маҳалла раиси, маҳалла профлактика нозири, уй эгалари ва археолог гувоҳлигида тангалар саноқдан ўтказилди.

Уларнинг сони 939 та эканлиги аниқланиб, ўрганиш ва давлатга топшириш учун олинди.

Мис тангалар топилган жойнинг ўзида кўдан кечирилиб, уларнинг диаметри 115 сантиметр бўлган ўранинг ер сатҳидан 40−50 сантиметр чуқурлигида, бир жойда тўпланган ҳолда топилганлиги, тангалар топилган жойдаги тупроқ орасидан ўлчами 25×25×5 сантиметр бўлган пишиқ ғишт бўлаги, мовий рангда сирланган ва сирсиз идишларнинг майда парчалари сақланганлиги аниқланди.

«Тангаларни дастлабки ўрганиш узоқ вақтлар давомида ер остида, нам тупроққа қоришиб чириганлиги сабабли уларнинг ҳар иккала томонининг юзалари текисланиб кетганлигини кўрсатди. Уларнинг айримларига ишлов берилиб, тозаланиши тангаларда доира шаклдаги ҳалқа ва унинг ичига араб ҳарфларидаги ёзув битилганлиги маълум бўлди. Тангаларга зарб саёз урилганлиги ҳам улардаги ёзувлар яхши кўринмаслигига сабаб бўлди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, тозаланган тангалардан айримларининг бир томонида «зарб Тошкент» ёзувигина ўқилган. Иккинчи томонини эса ўқишнинг имкони бўлмаган. Аммо бундан аввал аниқланган ва уларга ўхшаш тангалар билан қиёсий таҳлил янги топилган хазинанинг XVI асрнинг охири — XVII асрнинг бошларига тегишли эканлигини кўрсатди. Улар топилган жойдан аниқланган ашёвий далиллар ҳам юқорида кўрсатилган даврда ишлаб чиқарилган.