10 нафар Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Дубайнинг 5 юлдузли меҳмонхонасида амалиёт ўтайди, дея хабар бермоқда Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати.

Университет Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси амалий кўмагида амирликнинг нуфузли CROWN PLAZA Dubai Marina меҳмонхоналар гуруҳи бошқарув компанияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Унга кўра ТДИУнинг Туризм факультети талабаларидан 10 нафари ҳар йили Дубайнинг беш юлдузли меҳмонхоналарида амалиёт ўташларига келишилди. Шунингдек, учрашув давомида онлайн савдо тармоқларида «bestseller» бўлган «Be the Cange in the Hospitality industry» номли китобнинг тақдимоти ўтказилди.


Университет талабаларини тайёрлашда қўшимча адабиёт сифатида фойдаланиш мақсадида китоб муаллифи Рихсибой Турсунов билан китобни ўзбек тилига таржима қилиш бўйича келишиб олинди.

Икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича музокаралар давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.