19 сентябрь куни ФВВ қутқарувчилари «Қамчиқ» довонида йўл-транспрот ҳодисасига учраган Volvo русумли юк автомобили ҳайдовчисига амалий ёрдам кўрсатди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Эрталаб соат 07:20 да А-373 автомобиль йўлининг «Қамчиқ» довонидан ўтган 196 километрида, «Тошкент-Водий» йўналишда кетаётган юк автомобили ҳайдовчиси тамаки маҳсулотини (сигарета) чекиб кетаётган бўлган. Сўнг бошқарувни йўқотиб, йўлни ажратувчи бетон тўсиққа урилган. Оқибатда юк автомашинаси ағдарилиб қолган. Автомашинада ҳайдовчидан бошқа ҳеч ким бўлмаган.

Воқеа жойига зудлик билан «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси қутқарувчилари ва ЙПХ ходимлари етиб борган. Қутқарувчилар махсус асбоб-анжомлар ва фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизимига кирувчи ташкилотлар техникалари билан машинани йўл четидаги хавфсиз ҳудудга олиб чиқди. Ҳайдовчига амалий ёрдам кўрсатди. Ҳодиса оқибатида тан жарохати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ, дейилади хабарда.