«Эл-юрт умиди» жамғармаси ахборот хизмати 2022 йилги учинчи стипендия танлови эълон қилинганини хабар берди.

226 ўринга мўлжалланган танловнинг 34 ўрни бакалавриат учун, 95 ўрни магистратура учун, 97 ўрни эса докторантура учун ажратилади.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси танловида номзодлар Ўзбекистон Республикаси учун энг устувор соҳалар, жумладан:

  • космик технологиялар, нанотехнологиялар, IT ва рақамлаштириш, сунъий интеллект соҳалари;
  • атом ва қуёш энергетикаси ҳамда энергиянинг тикланадиган манбаларидан фойдаланишнинг бошқа инновацион йўналишлари;
  • соғлиқни сақлаш, фармацевтика, телемедицина, вирусология, микробиология, иммунология соҳалари;
  • электроэнергетика, нефть-газ, нефть-кимё, кимё, металлургия соҳасининг устувор тармоқлари;
  • машинасозлик, автомобиль, электротехника, тўқимачилик ва маҳсулотларни стандартлаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш каби муҳим мутахассисликлар бўйича иштирок этадилар.

Номзодларнинг ҳужжатлари 2022 йил 20 сентябрдан 20 октябрга қадар республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имкониятлар асосида онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади. Саралаш босқичлари 2022 йил 20 октябрдан 20 ноябрга қадар давом этади.

Номзодлар учун барча зарур маълумотлар жамғарманинг онлайн ҳужжат топшириш платформасида батафсил ёритиб берилган.

Танловда ғолиб бўлган номзодларнинг хорижий университетларда таълим олишлари учун барча харажатлар жамғарма томонидан қоплаб берилади.

Маълумот учун, 2018 йилда мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш маркази «Эл-юрт умиди» жамғармаси этиб қайта ташкил этилганди. Ўтган тўрт йил давомида 1500 нафарга яқин ёшлар хорижий давлатларга ўқиш ва малака оширишга жўнатилган.