7 сентябрь куни Apple ўзининг навбатдаги кузги тақдимотини ўтказди. Унда компания iPhone 14 нинг тўртта моделини, Apple Watch Ultra ва AirPods Pro 2 каби бир қатор янгиликларни тақдим этди.

Тўрт хил моделдаги iPhone 14

Бу йил компания янги русумдаги смартфонларининг мини-версияларини чиқармасликка қарор қилди. Биламизки, iPhone 12 mini, iPhone 13 mini каби смартфонлар омма эътиборини қозонган эди. Шу сабабга кўра, бу сафар ҳам янги моделларнинг мини версиялари тақдим этилиш кутилаётган эди. Бироқ, бу турдаги смартфонларнинг савдоси ўзини оқламаган кўринади.

Демак, Apple Event тадбирида iPhone 14, iPhone 14 Plus, iPhone 14 Pro ва iPhone 14 Pro Max моделидаги смартфонлар тақдим этилди.

iPhone 14 ва iPhone 14 Plus

iPhone 14 ва iPhone 14 Plus моделидаги смартфонлар 6,1 ва 6,7 дюймли экранга эга бўлиб, 1200 нитгача ёруғликка ва Dolby Vision технологиясига эга. Ушбу иккала смартфон ўтган йилги iPhone’лардаги каби A15 Bionic процессорлари билан жиҳозланган. Янги 12 мегапикселли асосий камера паст ёруғликда ҳам ёруғликни 49 фоизга яхшироқ суратга олади.

Дарвоқе, барчани ҳайрон қолдирган янгилик — АҚШда сотувга чиқадиган янги iPhone 14 смартфонларида SIM-карталар учун слотлар бўлмайди. Смартфонларда кенгайтирилган eSIM технологиясини қўллаб-қувватлаш, яъни турли операторларни тезкор алмаштириш имконияти пайдо бўлади.

Шунингдек, смартфонларда Action Mode — экстремал шароитларда олинган видеолар учун барқарорлаштиришнинг янги тури мавжуд. Янги iPhone’ларда сунъий йўлдош орқали (Wi-Fi ва интернетдан фойдаланмасдан) SOS огоҳлантириш тизими ҳам бор. Смартфон сунъий йўлдошга уланиш учун қурилмангизни қандай тарзда ушлаб туриш керак эканлигини кўрсатадиган махсус дастурга эга. Фойдаланувчи қутқарув хизматлари учун тайёрланган хабарларни ва ўз манзилини юбориши мумкин бўлади.

iPhone 14 ва 14 Plus смартфонлари қора, оқ, пушти, кўк ва қизил рангларда савдога чиқарилади. АҚШдаги расмий нархлар:

  • 128 ГБ: iPhone 14 — $799; iPhone 14 Plus — $899;
  • 256 ГБ: iPhone 14 — $899; iPhone 14 Plus — $999;
  • 512 ГБ: iPhone 14 — $1099; iPhone 14 Plus — $1199.

iPhone 14 16 сентябрдан бошлаб, iPhone 14 Plus эса 7 октябрдан бошлаб савдога чиқади.

iPhone 14 Pro ва 14 Pro Max

Apple ушбу моделдаги смартфонлар экранидаги «кокил ўрнини» интерфейснинг янги элементига айлантирди. OLED-экранида қора пикселлардан фойдаланиш орқали «Dynamic Island» элементи доимий равишда турли хил хизмат маълумотларини намойиш қилиш учун кенгаяди.

iPhone 14 Pro ва 14 Pro Max экранларининг ўлчами 6,1 ва 6,7 дюймни ташкил қилади ва 2000 нитгача чиқа оладиган (смартфон учун рекорд) ўртача 1600 нит ёрқинлик кучига эга. Янги смартфонларда ҳошиялар жуда нафис ва ингичка.


iPhone 14 Pro ва 14 Pro Max смартфонлари мутлақо янги A16 Bionic процессорлари билан жиҳозланган. Бу энг кучли ядроларда ҳам 20% кам қувват сарф қилувчи 6 ядроли процессордир.

48 мегапикселли сенсорли асосий камера 13 Pro’никидан 65 фоизга каттароқ. Кўпинча асосий камера сенсорнинг пикселларини 4 та блокда бирлаштириб, 12 мегапикселли суратларни олади. Янги сенсор 0,5Х, 1Х ва 3Х дан ташқари 2Х катталаштириш билан аниқ суратга олиш имконини беради.

iPhone 14'даги каби Photonic Engine технологияси 2−3 баравар аниқроқ паст нурли кадрларни суратга олиш имконини беради. Бу смартфонлар ҳам тасвирга олишнинг Action Mode режимига эга.

iPhone 14 Pro ва 14 Pro Max смартфонлари 16 сентябрдан бошлаб космик қора, кумуш, олтин ва қорамтир бинафша рангларда савдога чиқарилади. АҚШдаги расмий нархлар:

  • 128 ГБ: iPhone 14 Pro — $999; iPhone 14 Pro Max — $1099;
  • 256 ГБ: iPhone 14 Pro — $1099; iPhone 14 Pro Max — $1199;
  • 512 ГБ: iPhone 14 Pro — $1299; iPhone 14 Pro Max — $1399;
  • 1 ТБ: iPhone 14 Pro — $1499; iPhone 14 Pro Max — $1599.

Apple Watch Series 8


Apple Watch Series 8 дизайни бўйича олдинги авлод Apple соатларидан деярли фарқ қилмайди. Аммо соатлар янги функцияларга эга. Биринчи янгилик — бу аёлларга ўз соғлиғини кузатишга ёрдам берадиган икки томонлама ҳарорат сенсори.

Шунингдек, соат ўз фойдаланувчисининг автоҳалокатга учраганини аниқлашни ўрганди, бу функиция Crash Detection деб номланади. Бунинг учун такомиллаштирилган гироскоп ва аввалгисидан тўрт баробар тезроқ ишлайдиган янги акселерометр, шунингдек, микрофон ва GPS ишлатилади. Воқеа содир бўлган тақдирда, соат тез ёрдам хизматларини, шу жумладан манзилни кўрсатган ҳолда хабардор қилади.

Таъкидланишича, соат батареяси нормал режимда 18 соат ёки янги Low Power Mode режими ёқилганда 36 соатгача ишлайди. Ушбу режим Apple Watch Series 4 ва ундан кейинги версияларида watchOS 9 га янгиланиши орқали мавжуд бўлади.

Apple Watch Series 8 нинг алюминий версияси Midnight, Starlight, олтин, қизил рангларда, пўлатдан ясалган версияси эса кумуш, олтин ва графит рангларида оммага тақдим этилади. Wi-Fi'ли версиянинг расмий нархи LTE’ли модель учун 399 доллар ва 499 долларни ташкил қилади.

Watch Series 8 Ultra

«Ақлли» соатларнинг асосий моделларидан ташқари, Apple каттароқ экранга эга, ишончлилиги ва автономияси 60 соатгача (нормал фойдаланишда 36 соат) юқори даражали Ultra моделини ҳам тақдим этди.

Корпуснинг ўлчами 49 мм, экран ойнаси сапфир, корпуси титандан ясалган. Дисплей ёрқинлиги — 2000 нит. Корпуснинг бир томонида тўқ сариқ рангдаги қўшимча созланиши мумкин бўлган тугма ва карнай учун тешик, бошқа томонида эса катталаштирилган Digital Crown’ни ҳимоя қилувчи ва қувват тугмасини ўз ичига олувчи панель мавжуд.

GPS ва eSIM модулларига эга Apple Watch Series 8 Ultra соатлари 799 долларга баҳоланади.

AirPods 2 Pro

Янгиланган Apple AirPods 2 Pro қулоқчинлари симсиз минигарнитуралари яхшиланган зарядлаш қутиси, янги бошқарув имо-ишоралари технологиясига эга бўлди.

Эшитиш воситаларининг ичида янги H2 чипи ўрнатилган бўлиб, у товушни қайта ишлаш учун жавоб беради ва Spatial Audio эффекти билан овоз сифатини яхшилайди. Таъкидланишича, Active Noise Cancelation режими аввалги авлодга қараганда икки баравар яхши ишлайди.

Apple компаниясининг таъкидлашича, AirPods 2 Pro бир марта қувватланганда олти соат ва корпус билан 30 соат ишлайди. Корпус такомиллаштирилди — энди унинг қувватини Apple Watch қувватлантиргичи орқали ҳам тўлдириш мумкин.

AirPods 2 Pro нинг АҚШдаги расмий нархи — $249.