17−18 август кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Икки Муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга боради.

Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов душанба кунги брифингда маълум қилди. «Бу охирги 30 йил ичида давлат раҳбарининг илк ташрифи», — деди у.

Таъкидланишича, ташриф дастурига мувофиқ Жидда шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Уларда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади. Алоҳида эътибор «яшил иқтисодиёт», юқори технологиялар ва рақамлаштириш, инновациялар, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаларига қаратилади.

Саммит якунида икки томонлама ҳужжатларнинг катта тўплами имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, давлат раҳбари Саудиянинг етакчи компаниялари, нуфузли халқаро тузилмалар — Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом тараққиёт банки раҳбарлари билан учрашув ўтказади.

Шу билан бирга президент Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварани зиёрат қилади.