3 август куни президент айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги [ЎРҚ-786-сонли] қонунни имзолади.

Унга кўра, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди, деб хабар берди Адлия вазирлиги. Мазкур қонун Сенатнинг 27-ялпи мажлисида маъқулланганди.

Энди давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 3−5 бараваригача (900 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади. Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилди.

Қонунни бузган шахс устидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади.

Шунингдек, «Адвокатура тўғрисида»ги қонунда адвокатлар иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритилаётганда давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида ишонч билдирувчи шахс розилиги билан экспертиза ўтказилишини сўраш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди. Адвокат экспертиза хулосасини иш материалларига қўшиб қўйилишини ва суд томонидан ушбу хулоса ишдаги мавжуд далиллар билан биргаликда баҳоланишини талаб қилиши мумкин.

Суд экспертлик фаолияти билан нодавлат ташкилотлар шуғулланишига рухсат берилганлиги муносабати билан қонунда Фуқаролик процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга нодавлат суд-экспертиза ташкилоти тушунчаси киритилмоқда.