Украина президенти Владимир Зеленский якшанба куни бош прокурор Ирина Венедиктова ва хавфсизлик хизмати раҳбари Иван Бакановни ишдан бўшатилганини эълон қилди.

У ўз қарорини «давлат миллий хавфсизлиги асосларига қарши кўплаб жиноятлар ҳамда Украина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва Россия махсус хизматлари ўртасидаги алоқалар» билан изоҳлади. Бу «масъул раҳбарларга нисбатан жуда жиддий саволлар туғдиради. Бу саволларнинг ҳар бирига муносиб жавоб берилади», — деди Украина президенти.

Владимир Зеленский, шунингдек, Давлат тергов бюроси Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) билан биргаликда УХХнинг Қримдаги бош бошқармаси собиқ раҳбарини ҳибсга олганини айтди. «Бу шахс кенг кўламли босқиннинг бошидаёқ мен томонимдан лавозимидан озод этилган эди ва кўриб турганингиздек, бу қарор тўлиқ ўзини оқлади. Бу шахсни давлатга хиёнат қилишда гумон қилиш учун етарли далиллар тўпланган. Унинг барча жиноий ҳаракатлари ҳужжатлаштирилган. Унинг шу ойларда ва бундан олдин қилган барча ишларига тегишли ҳуқуқий баҳо берилади», — деди у.

«Хавфсизлик соҳаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ҳар бир мансабдор шахснинг аниқ ҳаракатлари ва ҳар қандай ҳаракатсизлиги баҳоланади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тегишли текшируви ўзининг дастлабки натижаларини берди. Бугунги кунга қадар давлатга хиёнат қилиш ҳамда прокуратура, дастлабки тергов органлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳамкорликдаги фаолияти юзасидан 651 та жиноят иши қайд этилган. 198 та жиноий иш бўйича тегишли шахсларга гумон қилинаётганлиги ҳақида хабар берилган. Хусусан, прокуратура ва УХХнинг 60 дан ортиқ ходими босиб олинган ҳудудда қолиб, давлатимизга қарши ишламоқда», — деди Владимир Зеленский.

Украина бош прокурори вазифасини вақтинча бажарувчиси сифатида Украина президенти бош прокурор ўринбосари Олексий Симоненкони тайинлади.