Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг сурати туширилган олтин тангалар чиқарилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Марказий банк матбуот хизмати бундай тангалар чиқарилганлигини инкор қилди.

«Бугунги кунда Марказий банк томонидан президент шахсига бағишланган қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангалар ёки банкнотлар муомалага чиқарилмаган», — дейилади хабарда.

Марказий банк томонидан юбилей саналари, тарихий ва замонавий даврнинг муҳим воқеаларига бағишланган қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангалар муомалага чиқарилиб, улар тўғрисидаги маълумотлар Марказий банкнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиб келинади, дейилади хабарда.