«Қишлоқдаги қиш — ҳаётимдаги қийин танловлардан бири»
Баҳор кириб келган бўлса-да, қишниг совуқ ҳавоси ҳали тугагани йўқ. Қишлоқ аҳолиси ўз уйларини ўтин, кўмир ва тезак билан иситишда давом этмоқда. Қиш қаҳратон келса, ўтин захираси сумалак пиширишга етмасдан, тамом бўлади. Ижодкор Холида Мусурмонова Ўзбекистондаги қишлоқлардан биридаги қиш ҳақида ҳикоя қилади.
Қишлоқ... Сени эслаяпман, соғиняпман, қалбга яқин манзилим! Шаҳар ҳаётидан толгандек бўламан. Кейин эса ҳозир қишлоқда бўлганимда шаҳарнинг яхши шароитига ошиқ бўлиб юрардим-ку, деб ўйлаб ҳам қоламан.
Чироқлари ўчмайдиган шаҳарда бугун свет ўчибди, қарагин, телефонимни зарядламоқчи бўлгандим, сезиб қолдим. Негадир кулгим, бобомнинг бағридек кенг қирида укаларим билан югургим, бақириб-бақириб ўйнагим келяпти.
Зерикдим... Шовқинли шаҳардан эмас, ўзимдан зерикдим, чоғи. Кўзларимни юмсам сенли кунларимни эслайман. Ажойиб қишни бу йил ҳам сен билан ўтказдим... Қадрли эканлигингни эса сендан узоқдалигимда ҳис қиляпман, рости.
Ўша кунлари кул ҳидидан бурним ачишганида, совуқда интернет пойлаб томга чиққанимда, бармоқлари ёрилган, қўллари куйган тенгдош қўшни келинни кўрганимда эзилиб асабийлашган, сиқилган бўлсамда, ҳозир қишлоқдаги қишнинг ҳусну тароватини ҳис қилганимдан, машаққатидан роҳат тополганимдан бирам хурсандманки...
Қишлоғим, ич-ичимдан сени севсамда сендан тезроқ кетишга интилганим учун мени кечир. Қийин танловлар ҳаётимда кўп бўляпти. Улардан бири сен бўлсанг керак...
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Изоҳ