«У соддадил, сиёсатдан йироқ». Дилруҳ Исомиддинова – қишлоқ аёлининг ҳаёти ҳақида

«Қишлоқ ҳаёти фақат "чиройли кадрлардан" иборат эмас». Фотожурналист Дилруҳ Исомиддинова қишлоқ аёлининг ҳаёти ҳақида фотосуратларда ҳикоя қилади.

Суратлар тавсифини ўқиш учун уларнинг устига босинг.
Қишлоқ ҳаёти фақат “чиройли кадрлардан” иборат эмас. Оғир меҳнат, тиғиз ва югурик оламдан йироқ ҳаёт, содда ва тўпори халқ, турмуш муаммолари ва етишмовчиликлар юракни тирнаши билан бир қаторда, суратга муҳрлашга ҳам мажбур қилади.

Қишлоқ ҳудудларидаги пардоз-андоздан, сўнгги урфдан, ижтимоий-сиёсий ҳаётдан йироқ, бутун умрини оиласи, рўзғори, фарзандлари, қайнона-қайнота хизматига бағишлаган қишлоқ аёлларининг ҳаёти ёритилиши, уларга эътибор қаратилиши зарур бўлган масала.
Қишлоқлик аёл даладан қайтмоқда. Қишлоқ ҳудудларида аксар ҳолатларда аёлларга дала ишларида ёш гўдаклари, фарзандлари ҳамроҳлик қилади.
У пардоз қилмайди. Унинг сўнгги урфдан хабари йўқ. У соч турмаклашни билмайди. Баъзан ҳаттоки жамиятда қандай янгиликлар бўлаётганидан бехабар. У сиёсатдан йироқ. Унга бугун боласи қорни тўқ ухласа, моллари суғорилган, экинларига сув очилган бўлса кифоя.

У соддадил, бироз тўпори. Турмуш ташвишларидан офтобмисол юзларига барвақт ажин тушган, нозик қўллари баъзида кетмон, белкурак, баъзида ўтин чопиш учун болта ушлаб қаварган оила гўзали. Инжиққина қайнонасининг асоссиз даккиларига, эрининг баъзи тажангликларига, кичкинтойининг хархашалари-ю бекорчи қўшни аёлларнинг ғийбатларига кўникиб, ич-ичида ўтаётган ҳар кунига шукрона айтиб яшаб келаётган беозор, мушфиқ, жаннати хилқат...
Қишлоқлик келин қайнотасига ерларни чопиқ қилиб, бегона ўтлардан тозалашга ёрдам бермоқда.
Қишлоқ аёли хонадонидаги кўрпа-тўшакларни офтобда тобламоқда. Стол-стулга нисбатан кўрпачадан кўпроқ фойдаланадиган қишлоқ аҳолиси учун уларни офтобда тоблаб туриш одатий юмуш.
реклама
реклама
Қишлоқ – пойтахт эмас. У ерда туну-кун газ, “свет”, сув бўлмайди. Қишлоқ аҳли ҳаётини движок, газ баллон, қудуқ, “качалка”сиз тасаввур қилиш қийин. Махсус транспортларда ҳар ой сув келтирилиб, қудуқлар тўлатиб олингач, ундан мол-ҳолни суғориш ва истеъмол учун фойдаланишади.
Экинларга эса махсус мослама билан ер остидан сув чиқазиб ишлатилади. Баъзи қишлоқларда аҳоли ҳатто бир умр чучук сув таъмини билмай ўтишади. Шаҳарларда қишлоқ аҳолиси орзу қиладиган чучук сувнинг қадрига етишмайди.
“Оқма” газ йўқ бизда, дейди қишлоқлик янга. Улар ўчоқ-тандирнинг аччиқ тутунини ҳидлаб, газ баллонда чой қайнатиб яшайди.
Ҳайит арафасида бувим ёғ доғлаб, бўғирсоқ пиширмоқда.
Қишлоқда “Мол бу жондир”, дейдилар. Молингиз бўлса, фарзандингиз сут-қатиқ ичиб тўқ юради. Нонингиз, ошингиз, изғиринда печкада ёқадиган таппингиз ҳам шу молдан. Шу сабаб, бу ерда бир дона бўлса ҳам сигир-қўйи бўлмаган хонадонни тополмайсиз.

Тонг саҳарда ҳали қуёш чиқмай туриб аёллар чорвасига ем-хашак, сув беради. Сут соғиб, нонушта тайёрлайди. Бу юмуш тушдан сўнг ҳам такрорланади.
Шаҳардан фарқли ўлароқ, қишлоқ хонадонларида жониворлардан хабар олиш учун бирор киши бўлиши керак. Аксар ҳолларда бу иш асосан аёллар ва болалар зиммасига тушади.
Қишлоқлик аёл далада сигир соғмоқда. Қишлоқ аҳолисининг бирламчи эҳтиёжи асосан сут маҳсулотлари бўлганлиги сабабли ҳар бир оила камида битта сигир боқади.
реклама
реклама
Янганинг турмуш ўртоғи ҳазил аралаш, рафиқасига яқинда олиб берган сепараторини мақтаб, "Яқинда янги "завод" очдим, сутни қайта ишлаш заводи. Битта бўш иш ўрни яратиб, бир нафар ишсизни иш билан таъминладим, мана, қўни-қўшнига сут, қаймоқ, қатиқ сотиб турибмиз", – дейди қитмирона жилмайиб.
Рўзғордан ортган сутдан турли сут маҳсулотлари тайёрланиб, рўзғори каттароқ ёки талабгор қўни-қўшниларга тарқатилади.
Сепаратордан сут ўтказиш муҳим ва шу билан бирга, айниқса, болалар учун қизиқ жараён. Шунинг учун болакайлар бирин-кетин “сепараторчи” ёнида гўёки улар учун мўжизадек бўлган бу мослама ҳақидаги турли саволлар билан уни банд қилиб туришади, аёлга ёрдам бериш илинжида жараённи кузатишади.

Баъзан байрамларда бошига ўраган битта янги рўмол ёки кўзи остига сурилган сурма ҳам уни шу даражада гўзаллаштириб юборадики... Меҳмонга боргандаги болали қишлоқ аёлини кузатганмисиз? Боласини қўйнига олиб, унинг ҳожатини ўйлайди, қорнини тўқласам, кўнглига қарасам дейди.
Она юмушлари қанчалик кўп бўлишига қарамай, фарзандига зиён етса
барча ишларини унутиб унинг ёнига шошади.
Шаҳарликлар учун ноодатий ва ҳатто ғайритабиий туйилган кўп ҳолатлар қишлоқ аҳолиси учун оддий бир ҳол. Бошқа томондан қишлоқ ҳудудлари кўп жиҳатдан эътиборга муҳтож.
Қишлоқ ҳаёти қанчалик тиғиз ва оғир бўлмасин, қавм-қариндошлар билан дийдор кўришганда дунё ташвишлари унутилади. Ушбу суратда Ҳайит байрамида янги келинчакни меҳмонга таклиф қилишгани акс этган.
Суратлар муаллифи: Дилрух Исомиддинова
Фотоҳикоя муаллифлари ўзларининг ишларига ҳаволаларни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборишлари мумкин. Хатга сюжетлар тавсифи, жойи, санаси, муаллифнинг тўлиқ исми ва боғланиш учун телефон рақамларини киритишни илтимос қиламиз.

Биз ўз манбаларимизда ишларни нотижорий асосда
эълон қилиш имкониятини кўриб чиқамиз.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг