Apple компанияси сешанба куни Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига жавобан Россияда ўз маҳсулотларини сотишни тўхтатаётганини маълум қилди. Бу ҳақда компанияга таяниб Reuters хабар берди.

«Биз Россиянинг Украинага бостириб киришидан қаттиқ хавотирдамиз ва зўравонликлар натижасида жабр кўраётган барча одамлар билан биргамиз. Биз гуманитар саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз, қочқинлар масаласида ёрдам берамиз ва минтақадаги жамоаларимизни қўллаб-қувватлаш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Россия ҳудудида Apple Pay ва бошқа хизматлардан фойдаланиш ҳам чекланди.

«RT news ва Sputnik news иловаларини энди Россиядан ташқарида Аpp Store`дан юклаб бўлмайди. Шунингдек, биз Украина фуқаролари учун эҳтиёт чораси сифатида Украинадаги Apple maps`да тирбантлик ва авария ҳодисаларни кузатиш функцияларини ўчириб қўйдик», — дейилади Apple хабарида.

Аввалроқ, 24 феврал куни Украинанинг рақамли трансформация вазири Михаил Фёдоров Apple компаниясининг бош директори Тим Кукдан Россияда Apple маҳсулотларини етказиб беришни тўхтатиш ва россияликлар учун Аpp Store`га киришни чеклаш илтимоси билан мурожаат қилган.

«Ишончимиз комилки, бундай ҳаракатлар Россиянинг ёш ва фаол аҳолисини шармандали ҳарбий тажовузни тўхтатишга ундайди», — деганди Фёдоров ўз мурожаатида.

Шунингдек, Россияда Nike ва iHeb онлайн-дўкони онлайн сотувларини тўхтатди. Бунга компаниялар маҳсулотларни етказиб беришни кафолатлай олмаслиги сабаб қилиб кўрсатилган.