Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи 5 ёшли бола уйида чироқ соатлаб ўчаётгани боис масъулларга мурожаат йўллаб, ёрдам сўради. Бу ҳақда Daryo хабар берди.

Қайд этилишича, Яккабоғ туманидаги ногиронлар учун мўлжалланган кўп қаватли уйда яшовчи беш ёшли Миркомилжон яшаш уйида электр токи соатлаб ўчаётганини айтиб, «Ҳоким бува, светни ёқинг, биз қийналяпмиз, совқотяпмиз», деган.

Миркомилжоннинг онаси Чарос Ашурованинг айтишича, улар яшаётган кўп қаватли уйда кунига уч-тўрт соатлаб электр токи ўчади. Шу сабаб электр токи ёрдамида иситилиши мўлжалланган уйлар совиб қолмоқда.

Яккабоғлик блогер Элмурод Одиловнинг Daryo мухбирига маълум қилишича, туманда айни кунда аҳолини электр тармоғидан узиб қўйиш ҳолатлари кўпайган.

«Кунига ҳеч бўлмаганда икки-уч соат свет бўлмайди. Бу эса кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолига ноқулайлик туғдирмоқда. Кўп қаватли уйларда яшовчилар асосан электр токи ёрдамида уйини иситади, ток билан чой қайнатиб, ток билан овқат пиширади. Свет ўчди, дегани улар учун ҳаёт тўхтади, дегани», — дейди блогер Элмурод Одилов.

Туманда яшовчи яна бир блогер-журналист Ўралжон Камоловнинг айтишича, Яккабоғдаги яна бир линия масъуллар томонидан исталган вақтда ўчирилмоқда.

«Бу линиядан 14 дан ортиқ қишлоқ аҳолиси фойдаланади», — дейди муаммо ҳақида гапирган Ўралжон Камолов.

Қашқадарё «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати 20 ноябрь куни вилоятнинг Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз Яккабоғ, Китоб, Нишон, Муборак туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри учун миллий электр тармоқлари АЖ томонидан соат 17:18 дан электр таъминотида чекловлар жорий қилинганини маълум қилган.

Шунингдек, бугун 22 ноябрь куни Қарши, Муборак ва Касби туманларининг бир қатор маҳаллаларида «таъмирлаш ишлари олиб борилиши сабаб» электр таъминотида узилиш бўлиши ҳақида хабар берган.