Ижтимиой тармоқларда Фарғонада 8 ойлик ҳомиласи билан келинчак пичоқлаб ўлдирилгани ҳақида видеолавҳа тарқалган. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов изоҳ берди.

Аниқланишича, июнь ойида У. Н. Ёзёвон тумани, Ўзбекистон кўчасида жойлашган хонадонлар бирига ғайриқонуний равишда кириб, мол-мулкларни қўлга киритмоқчи бўлган вақтида уйда бўлган ҳомиладор М. Қ. уни кўриб қолган. Шу сабабли У. Н. аёлни пичоқ билан бир маротаба уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда М.Қ касалхонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 23 июнь куни Ёзёвон туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) ва 164-моддаси (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича 1 нафар шахсга айб эълон қилиниб, унга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун 16 сентябрь куни Фарғона вилоят судига юборилган.