Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 сентябрь куни ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшлар билан тизимли ишлаш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, йииғилишда ахборот технологиялари бўйича таълим шароитларини яхшилаш ва қамровини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. 2 мингдан ортиқ мактабнинг бирорта ҳам ўқувчиси «Бир млн дастурчи» лойиҳасида иштирок этмагани кўрсатиб ўтилган.

Давлат раҳбари лойиҳани ҳар бир мактабга етказиш, зарур ҳолларда уларни қўшимча компьютерлар билан таъминлаш, болаларни ўқишга кенг жалб этиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, бундай ўқувлар жойлардаги Ёшлар маркази, «Ишга марҳамат» моно-марказлари негизида ҳам ташкил этилиши айтилди.

Хабарга кўра, 1 октябрдан бошлаб барча ҳудудларда 14 та IT-техникум фаолияти йўлга қўйилади. Уларда дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги, телекоммуникация каби йўналишлар бўйича 8 мингга яқин ўқувчи таҳсил олади.

Йиғилишда ушбу техникумларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Қўшимча қилинишича, Алоқа банк томонидан устави 80 млрд сўм бўлган Венчур жамғармаси ва IT билимларни ривожлантириш маркази ташкил этилиши белгиланди. Ушбу марказда келгуси беш йилда 100 минг нафар ёшларга дастурий таъминот, мобил иловалар, тармоқ администратори каби йўналишлар бўйича профессионал таълим берилади.

Йиғилишда Президент ва ижод мактаблари ҳамда ихтисослашган мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, ихтисослашган мактаб ўқувчиларини ахборот технологиялари мутахассисликларига йўналтириш, ижод мактабларида веб-дизайн, компьютер графикаси, тасвирий ва рақамли санъат, аудиовизуал асарларни яратиш, таржимонлик, журналистика ва актёрлик маҳорати каби тўгараклар ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Илғор халқаро тажриба ва стандартлар асосида ушбу мактаблар муаллимларининг малакасини ошириб бориш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда Тошкент шаҳрида Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ҳамда Андижонда унинг ҳудудий филиали ташкил этилиши белгиланди. Бу марказга хориждан малакали мутахассислар жалб қилиниб, фанлар ва чет тиллари бўйича ўқитувчиларнинг малакаси оширилади, халқаро сертификатлар берилади.

«Президент мактабларига инвестицион ва инновацион йўналишларни жорий қилиш бўйича янги тизим ташкил этилади. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги хориждан ўқув дастурлари, адабиётлар ва жиҳозлар, малакали педагоглар ва молиявий грантлар жалб қилишга кўмаклашади. Шунингдек, хорижий мактаблар билан ўқитувчи ва ўқувчиларни алмашиш дастурлари амалга оширлади», — дейилади хабарда.