Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган Сирдарё тумани ҳокимлиги масъуллари ва давлат ташкилотлари раҳбарлари акс этган видеолавҳа юзасидан расмий изоҳ берди.

Маълум қилинишича, видеолавҳада акс этган жараён 2020 йил октябрь ойининг ўрталарида тахминан кеч соат 21:00 да (ишдан ташқари вақтда) Сирдарё туманидаги «Евро Азия» ресторанида юзага келган.

Қайд этилишича, ишдан ташқари вақтда бошқа фуқаролар сингари ресторанга овқатланиш учун борган масъуллар — туман ҳокими ўринбосари (ўша вақтда туман ҳокими ёрдамчиси) туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи, туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Сирдарё тумани инспекцияси бош мутахассис-давлат инспектори, «Сувоқова» давлат унитар корхонаси раҳбари ҳамда Сирдарё тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарлари бўлган.

«Мазкур шахслар ўтирган хонага ресторанда хизмат кўрсатаётган „Шов балет“ раққоса қизлари кириб келган. Раққосаларнинг кутилмаганда кириб келиши уларга маъқул келмаган. Шу сабабли раққосаларга пул берилган ва хонани тарк этиши сўралган. Натижада видеодаги ҳолат юзага келган», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Изоҳда айтилишича, ҳолат юзасидан ресторан маъмурияти билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Масъул ходимларга жамиятда юриш-туриш қоидаларига амал қилган ҳолда давлат хизматчиси сифатида намуна кўрсатишлари лозимлиги эслатиб ўтилган.

Шунингдек, лавозимдан озод этиш каби қатъий чора қўлланилиши белгиланган.