Андижон вилоятининг Избоскан туманида 2 нафар боланинг онаси Г. ва О. (эркак) кимдан эканлиги номаълум бўлган 3 ойлик чақалоғини сотмоқчи бўлди, дея хабар бермоқда «Қонун ва ижро» нашри. Бу хабар тезда тарқалиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қадар етиб борган.

Тезкор тадбир давомида Г. ва О. истиқомат қилаётган хонадонга чақалоқни кўргани «эр-хотин мижоз» борган. Шу ерда Г. фуқаро О. орқали «мижоз»га қиз чақалоғини 700 АҚШ долларига сотмоқчи эканини билдирган. Оғзаки келишувдан сўнг, улар Андижон шаҳридаги «Дарётранс» ёнида кўришишга келишиб олган.

«Айтилган вақтда айтилган манзилга О. унинг синглиси Ф. ва чақалоғини кўтарган Г. етиб боришди. „Мижоз“ берган 700 долларни Ф. санаб олиб, 500 долларни акасига берди. Қолганини ўзида олиб қолди. Мана шундан сўнг, Г. чақалоғини „мижозга“ узатди», — дейилади хабарда.

Кейин эса у тилхат ёзиб, уни ва боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини ҳам «мижоз»га берган.

Шундан сўнг, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари одам савдосининг олдини олишга қаратилган тезкор тадбир ўтказилганини қайд этиб, гумондорларни қўлга олган.

Фуқаро Г. аввал ўзи ижарада яшаган уй эгасида қолдирган боласини боқиб бергани учун 500 доллар қарзи борлигини айтган. Қолаверса, қиз фарзандини боқишга қийналгани учун уни сотишга уринган. Бу вақтда Г. босқинчилик, ўғирлик каби жиноятлари учун жазосини ўтаб чиққан О. билан яшай бошлаган.

Суд мажлиси давомида уй эгаси фуқаро Г. нинг ундан қарзи йўқлиги, О. ва Ф.ларни танимаслигини айтган. У Г. нинг туғруқхонадан чиқишига ўзи сарф-харажат қилгани, унинг катта фарзандини боқиб келаётгани ва уларга меҳри тушиб қолганини қўшимча қилган. Қолаверса, Г. дан 500 доллар сўрамагани ва унинг фарзандини гаров эвазига ушлаб турмаганини таъкидлаган.

Фуқаро О. эса айбига қисман иқрор бўлган. У нотариусда ишлаган танишига қўнғироқ қилиб, ҳолатни айтган. Таниши боланинг туғилганлик гувохномасини ва онасининг паспортини олиб Андижон шаҳридаги «Бахт уйи» олдидаги нотариусга бориш кераклиги ҳамда ушбу нотариусда болани бошқа шахсга ўтказиб беришини тушунтирган. Шу сабаб О. ушбу ишини қонуний деб билган.

ЖИБ Андижон шаҳар суди ҳукми билан фуқаро О. 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Г. ва Ф.га эса аёл киши экани, вояга етмаган фарзандлари борлиги, улар онасининг меҳрига муҳтож эканини инобатга олиб, уларни хулқини жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин деб ҳисоблаб, ЖКнинг 72-моддасини (Шартли ҳукм қилиш) татбиқ қилиб, тайинланган жазони шартли жазога алмаштирди.