Ички ишлар вазирлиги номидан унинг ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов TikTok платформаси фойдаланувчилари ва уларнинг ота-оналарини огоҳлантириб, видео хабар йўллади.

«Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларнинг TikTok платформасида фуқароларимизни, айниқса, ёшларимизни ўзларига эътибор жалб қилиш мақсадида турли масхараомуз, одоб-аҳлоқ қоидаларига зид ҳаракатлари тасвирланган видеоларини кўплаб кузатяпмиз. Ҳурматли ота-оналар фарзандларингизнинг тарбиясиз ва одобсиз қилиқларига кўз юмсангиз биз бундай аҳлоқсизликка йўл қўймаймиз», — деди Ғиёсов.

ИИВ қамоқ билан жазоланиш тўғрисида ҳам огоҳлантириб ўтди.

«Эсингизда бўлсин, фарзандингизга ҳам буни уқтиринг, фуқароларнинг осойишталигини, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш майда безорилик ҳисобланади ва 15 суткагача қамоқ билан жазоланади», — деди вазирлик вакили.

Шоҳрух Ғиёсов тиктокерларнинг ота-оналарига мурожаат қилиб: «Огоҳлантирамиз, фарзандларингизни назорат қилинг. Ёшлигидан талтайтириб, кейин афсусланиб юрманг», — дея қўшимча ҳам қилди.