Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари Ҳасан Мажидов ва Малика Жуманиёзова президентининг Олий Мажлисга мурожаатини лингвистик контент-таҳлилини ўтказдилар. Тасвирий ифодаловчи сўзлардан фойдаланиб, таҳлилчилар давлат раҳбари нимага кўпроқ эътибор қаратаётганини аниқлашди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз мурожатномасида жами 3576 хил сўздан фойдаланган. Фойдаланилган сўзларнинг энг узуни 19 та ҳарф ва ўртача 8 та ҳарфни ташкил қилади. Давлат раҳбари нутқида энг кўп эътибор қаратган йўналиш — бу «ёшлар», «таълим» ва «пандемия» бўлган. (1-расм).


1-расм. Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатида энг кўп фойдаланилган сўзлар жамланмаси.

Мурожаатда «ёшлар» масалаларига 44 маротаба, «таълим» масалаларига 32 маротаба урғу берилган. Шунингдек, «пандемия» ва унга боғлиқ масалалар мурожаатнинг 25 жойида тилга олинган.

Хусусан, «ёшлар» сўзи «ёшларга алоҳида эътибор кўрсатиш», «ёшлар ҳуқуқлари», «турли ёш категориясидаги ёшлар», «ногиронлиги бўлган ёшлар» каби контекстларда фойдаланилган (2-расм).


2-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

«Таълим» сўзи «таълим сифатини тубдан яхшилаш», «уйда таълим бериш тизимини яратиш», «пандемия» сўзи эса «глобал пандемия хавфининг узоқ сақланиб қолиши», «пандемия даврида орттирилган тажриба» ва «пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш» каби контекстларда фойдаланилган (3, 4-расмлар).


3-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил


4-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, мурожаатномада 41% урғу иқтисодиётни ривожлантириш ва либерализация қилиш соҳасига йўналтирилган бўлса, 28% ижтимоий соҳани ривожлантиришга доир масалаларга қаратилган. Бундан ташқари, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга таалуқли масалалар умумий Мурожатноманинг 15%, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, мувозанатли, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш каби масалалар эса умумий нутқнинг 10% ташкил этган (5-расм).


5-расм. Мурожаатноманинг йўналишлар бўйича тақсимоти.

Давлат раҳбарининг нутқи 41 соҳа бўйича турли мавзуларни қамраб олган. Улар орасида энг кўп урғу берилган йўналишларнинг учлиги — аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш (умумий нутқнинг 7 фоизи), соғлиқни сақлаш (умумий нутқнинг 7 фоизи) ва инфратузилма (умумий нутқнинг 6 фоизи) соҳалари ҳисобланади. Улушига кўра, ёшларга оид давлат сиёсатини юритиш, олий таълим, тадбиркорлик ва ташқи сиёсат соҳалари мос равишда ҳар бири 5 %лик қамров билан топ еттиликни бўлишиб турибди (6-расм).


6-расм. Мурожаатноманинг соҳалар бўйича тақсимоти.

Сўнгги йилларда қилинган 4 мурожаатнинг умумий таҳлили шуни кўрсатадики, иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ёрдам, тадбиркорларни қўллаб қувватлаш, ҳалқ фаровонлигини ошириш, юрт тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш каби масалалари ҳар йилги Мурожаатномаларнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Хусусан, ижтимоий соҳага бўлган урғу йилдан йилга кучайиб бормоқда. Мазкур соҳага оид сўзлар 2017 йилдаги нутқнинг 11% тенг бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилга келиб 28% га етганлиги эътирофга сазовор.

Олдинроқ, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари томонидан охирги 3 йилда қилинган мурожаатларнинг лингвистик ва контент таҳлили амалга оширилиб, уларни тасвирий ифодаловчи сўзлар жамланмаси тузилган эди.

Ҳасан Мажидов ва Малика Жуманиёзова — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари.