SpaceX ва Tesla компанияларининг бош директори Илон Маск Bloоmberg глобал миллиардерлар рейтингида Facebook асосчиси Марк Цукербергдан ўзиб кетиб, учинчи ўринни эгаллади, деб хабар берди РБК.

Агентликнинг маълумотларига кўра, 19 ноябрь куни Маскнинг бойлиги 120 млрд долларни, Цукербергда эса 103 млрд долларни ташкил қилган. Биринчи ўрин Amazon асосчиси Жефф Безосга (183 млрд доллар) тегишли, рейтингда 128 миллиард долларлик бойлик билан Microsoft асосчиси Билл Гейтс туради.

Маскнинг бойлиги Tesla акциялари нархи кўтарилаётганлиги сабабли ортди. Биржа маълумотларига кўра, компания акциялари 10,2 фоизга қимматлашиб, бир акция учун 486,64 долларни ташкил этди. Tesla акциялари йил охирига қадар S&P 500 га қўшилиши ҳақидаги янгиликлар туфайли кўтарилмоқда.

Forbes нинг реал вақт режимида ҳисобланган миллиардерлар рейтингида 19 ноябрь ҳолатига кўра Маск (105,4 млрд доллар) Цукербергни (99,9 миллиард доллар) ортда қолдириб, тўртинчи ўринни эгаллади. Ушбу рейтингда ҳам Безос етакчи (182,4 млрд доллар), иккинчи ўринда Louis Vuitton Moët Hennessy раҳбари Бернар Арно (139 млрд доллар), учинчи ўринда Гейтс (118,6 млрд доллар).

Маск Tesla акцияларининг 21 фоизига эгалик қилади. Forbes маълумотларига кўра, йил бошидан бери уларнинг қиймати 460% дан ошди, бу эса тадбиркорнинг бойлигини сезиларли даражада оширди. Шундай қилиб, саккиз ой ичида, 18 мартдан бошлаб унинг бойлиги деярли 76 млрд долларга ўсди.