Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX (коронавирусга қарши вакциналаш) халқаро механизмига қўшилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

24 август куни Женевада бўлиб ўтган брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тарқатиш бўйича «COVAX» халқаро механизмига 172 давлат қўшилди. Айни пайтда ЖССТ портфелида коронавирусга қарши 9 та вакцина мавжуд экани айтилмоқда.

Маълум қилинишича, ташкилот барча вакцина ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилади.

«Ушбу механизм барча аъзо мамлакатларнинг лицензияланган ва тасдиқланган вакциналардан тенг фойдаланишни таъминлашга қаратилган», — дейилади хабарда.

ЖССТ бош директори COVAX механизми доирасида вакцина ишлаб чиқилгани ҳар бир давлатнинг маҳаллий вакцина ишлаб чиқарувчиларнинг алоҳида фаолият юритганидан афзалроқ ва бу йўл билан пандемия тезроқ тугашини кутиш мумкинлигини билдириб ўтди.

«Вакцина миллатчилиги фақат вирусга ёрдам беради. Хавфсиз ва самарали вакцина ишлаб чиқарилиши билан COVAX нинг тақсимлаш механизми орқали паст ва ўрта даромадли мамлакатларнинг барчаси ўз вақтида вакцина билан таъминланади», — дея таъкидлади Тедрос Гебрейесус.