13 июнь куни Олий ва махсус ўрта таълим вазирлиги талабалар ўқишни кўчириши онлайн тарзда, transfer.edu.uz сайти орқали амалга оширилиши ҳақида хабар берган эди. Аризалар 15 июльдан бешинчи августгача қабул қилинади.

Ариза топширишдан олдин керакли ҳужжатларни тайёрлаш маслаҳат берилади: jpg, jpeg, png, pdf электрон форматида паспорт нусхаси, академик маълумотнома ёки рейтинг дафтарчаси ёки транскрипт талаб этилади. Бундан ташқари, асос бўлувчи қўшимча ҳужжатлар нусхасини юклаш мумкин.

«Газета.uz» ўқишни бошқа ОТМ ёки факультетга кўчириш бўйича қўлланмани тақдим этади.

Рўйхатдан ўтишни бошлаш


Ариза топшириш жараёнини бошлаш учун, фойдаланувчи transfer.edu.uz сайтига киради ва «Рўйхатдан ўтиш» тугмасини босади.

Пайдо бўлган рўйхатдан ўтиш саҳифасида телефон рақами, электрон почта манзили ва махфий пароль ўрнатилади. «Юбориш» тугмаси босилади.

Сўнгра, кўрсатилган телефон рақамига махсус тасдиқлаш СМС-коди келади, уни беш дақиқа ичида киритиш керак.

Биринчи босқич. Паспорт маълумотлари

Рўйхатдан ўтиш жараёни «Ариза топшириш» бўлимида бошланади. «Мақсад» пунктида «Ўқишни кўчириш» танланади. Фуқаролик бўлимида фойдаланувчи керакли давлатни танлайди, намуна учун суратда «Ўзбекистон Республикаси фуқароси» танланди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти асосида маълумотлар тўлдирилади: серия, рақам ва ЖШШИР.

ЖШШИР рақам намунаси. Фото: Uzimei.uz

Иккинчи босқич. Шахсий маълумотлар

Киритилган паспорт маълумотлари асосида тизим автоматик тарзда фойдаланувчининг фамилияси, исми, шарифи, жинси ва туғилган санасини аниқлайди.

Фойдаланувчи томонидан яшаётган давлат, вилоят, туман ва манзил киритилади.

Учинчи босқич. Таълим маълумотлари

Таълим тўғрисида маълумот тўлдириш намунаси.

Бу босқичда фойдаланувчи айни пайтда таълим олаётган таълим муассасаси ҳақида маълумотлар киритади: муассаса жойлашган давлат, номи, таълим шакли, таълим тури, ўқишга кирган йил, таълим йўналиши, курс. «Кейингиси» тугмаси босилиб кейинги босқичга ўтилади.

Тўртинчи босқич. Ўқишни кўчириш

Сўнгги босқичда кўчириш мақсад қилинган таълим муассасаси кўрсатилади.

Кўчириш мақсад қилинган таълим муассасаси айни пайтда таълим олинаётган ОТМга йўналиши ва мутахассислиги бўйича тўғри келиши керак.

Ўқишни кўчиришни режалаштирганлар учун эслатма: қайси йўналишларда кўчириш мумкин ва қайсиларида мумкин эмас. Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Telegram канали, @eduuz

Мақсад қилинган таълим муассасаси «Таълим муассасаси» пунктида танланади, суратдаги намуна — Тошкент ахборот технологиялари университети. Таълим шакли, таълим тури, йўналиши (факультет, намуна — компьютер инжиниринги) танланади. Сўнгра, ўқишни кўчириш сабаби кўрсатилади.

Бир таълим муассасаси ичида фақат факультетни кўчириш.

Бир муассаса ичида фақат факультетни кўчириш учун «Таълим маълумотлари» ва «Ўқишни кўчириш» бўлимида бир хил ОТМ ва кўчириш мақсад қилинган факультет кўрсатилади.


Ҳужжатларни тақдим этиш

Маълумотлар киритилиб бўлингач, керакли ҳужжатларни тақдим қилиш керак: jpg, jpeg, png, pdf электрон форматида паспорт нусхаси, академик маълумотнома ёки рейтинг дафтарчаси ёки транскрипт талаб этилади. Бундан ташқари, кўчириш сабабига асос бўлувчи қўшимча ҳужжатлар нусхасини юклаш мумкин, улар асосида ўқишни кўчириш комиссияси қарор қабул қилиши мумкин.

Файллар юкланиб бўлгач, «Ушбу кўчириш тартиби билан танишиб чиқдим» пунктида розилик белгиси қўйилади.

Рўйхатдан ўтиш якунланди. Ариза «Менинг аризам» бўлимида жойлашган. Агар фойдаланувчи аризасида хатолик аниқласа ёки бошидан бошлашни хоҳласа, буни «Аризани таҳрирлаш» бўлимида амалга ошириш мумкин.

Аризалар бешинчи августга қадар қабул қилинади. Бешинчи августдан 30 августгача аризалар кўриб чиқилади ва фуқароларга жавоб хати юборилади.