Солиқ тизими рақамли технологияларга ўтказилиши натижасида давлат бюджетига қўшимча тушумлар ҳажми 20 трлн сўмгача ортиши мумкин. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг матбуот хизмати хабар берди.

5 июнь куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан Давлат солиқ қўмитасининг Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.

Унга кўра, ДСҚ маълумотларини қайта ишлаш маркази ва телекоммуникация қурилмаларини модернизация қилиш, сервер ва дастурий таъминотлар харид қилиш, ахборот тизимлари мажмуини ягона платформага ўтказилади, электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифати оширилиб, катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор таҳлил қилиш тизимлари йўлга қўйилади.

Мазкур стратегияни амалга оширилиш натижасида давлат бюджетига қўшимча тушумлар ҳажми 20 трлн сўмгача ортиши кутилмоқда.

Ушбу ҳужжат тизимнинг маълумотлар алмашиш билан боғлиқ бўлган бир қатор муаммоларини ҳал этишга қаратилган, жумладан:

  • мавжуд маълумотлар базаси ҳажмининг етарли эмаслиги;
  • серверлар хотира ҳажмининг 90% бандлиги;
  • электрон хизматлар сони 3,8 баробарга, ахборот тизимлар сони 2,5 баробарга ортиши натижасида корпоратив тармоқ тезлигини ошириш зарурати юзага келганлиги;
  • турли ахборот тизимларининг интеграциялашуви натижасида маълумотлар базасида катта юкланиш ҳосил бўлганлиги;
  • ягона платформа мавжуд эмаслиги.

Қайд этилган муаммоларни бартараф этиш учун Солиқ органларининг ахборот тизимлари мажмуи тўлиқ ягона платформага ўтказилиши кўзда тутилган. Бунинг натижасида, маълумотларни киритиш, тўплаш, таҳлил қилиш тизимларини оптималлаштиради; солиқ тўловчиларнинг ҳисобот топшириш жараёнини 5−7 баробаргача енгиллаштиради; инсон омили аралашувини 60 фоизга қисқартиради; солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик бўйича превентив ва олдини олиш чораларини қўллашга имконият яратади.

«Солиқ тўловчиларга кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари ва уларнинг мобил иловалари сонини кўпайтириш эса солиқ хизмати ходимлари билан муносабатларда инсон омилини 60 фоизга қисқартиради. Бу нафақат коррупциянинг олдини олади, балки қоғоз шаклидаги ҳужжат ишларини ҳам кескин камайтиради», — дейилади хабарда.

Стратегия билан солиқ маъмурчилигида Case Management System, Case Assesment System тизимларининг яратилиши режалаштирилган. Ушбу тизимлар орқали солиқ аудити жараёнини автоматик тарзда қайд этиш, мониторинг қилиш, реал вақт режимида маълумот ва таҳлиллардан фойдаланиш имконияти пайдо бўлади. Бунинг оқибатида бизнес жарёнга сарфланган умумий вақтни 20−30 фоизга қисқартирилиши кутилмоқда.

Шунингдек, ҳужжатда Business Intelligence ва Big Data технологияларини жорий этиш стратегиянинг асосий вазифаларидан бири сифатида киритилган. Бу технологияларни жорий этилиши натижасида солиқ соҳасида хуфиёна айланмалар даражаси кескин қисқаради ва солиқ солинадиган база кенгаяди, марказлашган тизимлар орқали шаклланган маълумотларни қайта ишлаш натижасида бозор коньюктурасини ўрганиш, товар ва хизматларнинг бозор нархларини таҳлил қилиш ҳамда прогнозлаш имконияти яратилади ва ходимларнинг 50−60 фоизида маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланиш имконияти пайдо бўлади, дейилади хабарда.