Янги ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабулни ташкил этиш мақсадида абитуриентларнинг уйидан чиқмаган ҳолда рўйхатдан ўтишини ташкил этиш, тест топшириқларини соддалаштириш, кириш тест синовларини содда шаклда ва қисқа вақт ичида ўтказиш каби енгилликлар яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар берди.

Маълумотга кўра, олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик, идора, ташкилотлар томонидан киритилган таклифлар асосида ҳамда абитуриентларни қийнаб қўймаслик мақсадида фақат 2020−2021 ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2 та мутахассислик фанларидан ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Ушбу 2 та мутахассислик фанлари 2019 йил декабрь ойида белгиланган тартибда тасдиқланган эди. Уларни қуйидаги ҳаволада текширишингиз мумкин. Ушбу тартибга кўра, мажбурий фанлар сифатида она тили, математика ва тарих фанлари танланган эди.

Бундан ташқари, ДТМ инфекция бутунлай бартараф этилмаган шароитда абитуриентларнинг 1000 ўринлик биноларда 3−4 соат қолиб кетишига йўл қўйиб бўлмаслигини айтмоқда.

Шунинг учун ушбу ўқув йилида тест синовлари ўтказиладиган биноларда кўпи билан 700 тагача ўрин тайёрланади, ҳар бир абитуриент учун камида 3 кв.м жой ажратилади, санитария-гигиена талабларига биноан, уларда ниқоб, қўлқоп билан тестда иштирок этиши таъминланади.

Абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчангач, бинога киритилади. Бинолар камида 4 маротаба дезинфекция қилинади. Буларнинг бари тест топширувчилар, гуруҳ назоратчилари ва жараёнга жалб этилган бошқа шахсларнинг саломатлигини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади.