«Газета.uz» мухбири Никита Макаренко Сирдарё вилоятида маҳаллий аҳоли ҳамда офат ҳудудида ишлаётган турли идоралар ходимлари билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳикояларига қулоқ тутди. 60 мингдан ортиқ инсонларнинг ортга қайтиши кутилмоқда.

Сардоба сув омборидан чиққан сув оқимлари М-39 автойўлидан тошиб, шимол томонга ўтмоқда. Олдинда — қулаб тушган кўприк.

Қутқарув операцияси иштирокчиси:

«Жума куни сув остида қолган қишлоқдан барча аҳоли эвакуация қилинди. У ерда ҳеч ким қолмаслиги керак эди. Қанчадир вақтдан кейин ходимлар икки қаватли уй олдидан ўтаркан, тўсатдан деразадан кеса аёлни кўриб қолишди. У дераза олдида хотиржам ўтирарди, биринчи қават эса сув билан тўлганди. Подъезд орқали кириб бўлмайди. У кетишни унчалик ҳам хоҳламасди, кўндиришга мажбур бўлдик. Кейин уни ойнадан чиқариб олишди. У фақат ўз невараларидан хавотирда эди. „Невараларим қани?“ — дерди. Уларни эса аллақачон қутқаришганди».

Мирзачўл қишлоғида сув оқимларидан вайрон бўлган уйлар.

Мирзачўл қишлоғида яшовчилардан бири:

«Биз уйга кирмаймиз, уйда бизга ҳеч нарса керак эмас. Фақат молларимни олиб чиқишга рухсат беринг. Кириб фақат сигирларимни олиб чиқаман. Уйга кирмаймиз, биламиз, хавфли. Ваъда берамиз. Чўкиб кетмаймиз, мана, укам билан борамиз. У ерда сигирларимиз бор. Уларни олиб чиқишимиз керак».

Мирзачўл қишлоғида сув остида қолган экин майдонлари.

Миллий гвардия ходими:

«Бу жума куни бўлди. Сув тезлик билан кириб келишни бошлади. Бир оила уйда қолиб кетибди, улар улгуришмаган. Атроф сув билан тўлиб бўлган. Бир гвардиячи, ёш йигит у ергача етиб борди. Ва тўққиз кишини олиб чиқди, ҳаммани қутқарди».

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги сув остида қолган қишлоқ хўжалиги ерлари.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими:

«Биз ташлаб кетилган биноларни қўриқлаяпмиз. Ҳам талончилардан, ҳам аҳолининг ўзидан. Қанчалик хавфли бўлмасин, улар у ерга қайтишга ҳаракат қилишяпти. Масалан, кимнингдир уйда паспорти, ҳужжатлари қолиб кетган. У ҳужжатлар унга керак, деб ўйлайди ва сузиб боради. Биз эса уларни тутиб оламиз. Биттаси пуллари учун ўтиб кетиб қолди. Кейин қарадим, у ҳамма-ҳаммасини қуёшга ёйиб, қуритди…»

М-39 автойўлининг Тошкентга қайрилиш жойи. Сув аҳолининг шахсий буюмларини оқизиб келган.

Қутқарув операцияси иштирокчиси:

«Сув жуда кучли вайронкор кучга эга эди. Бетон блокларни қандай тарқатиб юборганини кўринг. Йўлни шунчаки ювиб юборди. Икки кун ухламадик. Кеча (шанба куни), бу ерга қўшимча одамлар келди, мен бироз ухлаб олдим».

Эвакуация қилинган аҳоли Мирзаобод туманидаги 3-болалар боғчасидаги вақтинчалик жойлаштирув марказида инсонпарварлик ёрдамини танлаб олмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими:

«Қутқаришга улгурилмаган айримлар томларда ўтирган экан. Ходимлар бошлиққа у томонда одамлар томда ўтирганини маълум қилди. У вертолёт жўнатди, фотосуратларда кўрдингиз — шунақаси ҳам бўлди. Олиб келишди, учувчилар яна борайлик, деб ёниб туришибди — яна учамиз ва яна одамларни кўрамиз. Ҳеч ким қолмади».

Эвакуация қилинган болалар Мирзаобод туманидаги 3-болалар боғчаси ҳовлисида футбол ўйнамоқда.