Ўзбекистонда эса ўз жонига қасд қилиш бўйича йилига ҳар 100 минг кишига 5,2 та ҳолат тўғри келмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, дея хабар берди АОКА матбуот хизмати.

«Ҳозирги вақтда ўз жонига қасд қилиш дунё миқёсида жамиятнинг глобал муаммосига айланиб қолди, — деди Элмира Боситхонова. — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили 4−5 миллион нафар инсон ўз жонига қасд қилади. Европа мамлакатлари бу борад олдинги ўринларда».

Таъкидланишича, суиқасднинг энг юқори кўрсаткичлари сўнгги йилларда ривожланган мамлакатларда қайд этилмоқда. Масалан, ҳар 100 минг кишига — Литвада 68,1 та ҳолат, Беларусда 63, Россияда 58, АҚШда 52, Шри Ланкада 44, Украинада 40 та ҳолат тўғри келади.

«Ўзбекистонда эса ўз жонига қасд қилиш бўйича йилига ҳар 100 минг кишига 5,2 та ҳолат тўғри келмоқда, — деди Боситхонова. — Лекин шу кўрсаткич ҳам биз учун кўп. Шунинг учун давлатимиз раҳбари бу муаммога жиддий эътибор бериш, унинг олдини олиш чоралари бўйича топшириқлар беряптилар».

Қўмита раиси мазкур ҳолатларни глобаллашув даври билан изоҳлади, глобализациянинг аянчли таъсирлари Ўзбекистонга етиб келиши мумкинлигидан хавотир туйишини айтди.

«Ўзбекистонда 2019 йилнинг ўтган даврида эркаклар ва аёллар ўртасидаги суиқасд кўрсаткичлари таҳлил қилинганда, эркаклар билан боғлиқ ҳолат 57,3 фоизни, аёллар билан боғлиқ ҳолат 42,7 фоизни ташкил этди», — деди Элмира Боситхонова.

Журналистлар ўз жонига қасд қилаётганларнинг нечтаси эркак, нечтаси аёл экани, қанчаси вояга етмаганлар ва шундан қанчаси қизлар экани ҳақида аниқ статистик рақамлар келтиришни сўради.

«Мен фоиз кўрсаткичларида айтиб ўтдим, буни аҳоли сонига тақсимлаб ҳисоб-китоб қилса, аниқ рақамлар келиб чиқади, — деди Боситхонова. — Ўзбекистон аҳолиси 33 млн эканини инобатга олсак ва фоизлар кесимида чамаласак, мамлакатимизда 700 дан ортиқ эркак ҳамда 600 га яқин аёл суиқасд қилаётгани маълум бўлади».