Энди Ўзбекистон фуқароларининг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловлар олиб ташланди. Бу ҳақда 25 октябрь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан «Ҳаж ва Умра сафари тўғрисида» брифингда маълум қилинди, дея хабар берди ЎзА.


Брифингда куз мавсумидаги Умра зиёратининг дастлабки рейси жорий йилнинг 28 октябрь куни амалга оширилиши эълон қилинди.


Авваллари узоқ навбат кутиб Умра зиёратига борган фуқаролар 13 млн 650 минг сўм миқдорида пул тўлаган ҳамда уларга Макка ва Мадина шаҳарларида яратилган шарт-шароитлар бугунги кунда таклиф этилаётган хизмат туридан анча паст ва қиммат бўлган.


Жамоатчилик кенгаши томонидан Умра сафарига бормоқчи бўлган ҳар-бир фуқаро учун тўланадиган маблағ қиймати 5 млн 804 минг сўм (бориш-келиш авиачиптасидан ташқари) миқдорда арзон бўлишига эришилди. Мазкур маблағга Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси, Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона, ўзбек ошпазлари томонидан тайёрланадиган таомлар, 24 соатлик бепул тиббий хизмат, мамлакатимиз рамзлари тушурилган махсус либос, ибодат қўлланмаси, бейжик, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилган. (Тошкент — Жидда — Тошкент авиачиптаси нархи 5 096 000 сўм)


Шу билан бирга, ҳозирги кунда Умра сафарига бориш истагида бўлган фуқароларнинг кўп йиллик навбатини бартараф этиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда турли хорижий йўллар (хавфсизлик кафолатланмаган тур фирмалар) орқали мамлакатдан чиқиб кетишларининг олдини олиш мақсадида Умра мавсумини йил давомида ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.