Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки (ИТБ) мамлакатга 1,3 млрд долларлик маблағ ажратишни кўзда тутувчи 2018−2021 йилларга мўлжалланган стратегик ҳамкорлик битимини имзолади, дея хабар қилинди сешанба куни Тошкентда бўлиб ўтган «ИТБ Гуруҳи куни» анжуманида.

Ҳужжатга Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Сухроб Холмуродов ҳамда Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган ИТБ президенти Бандар Ҳажар имзо чекди.

Бандар Ҳажар сўзларига кўра, банк иқтисодиёт ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

ИТБ маълумотларига кўра, ажратилаётган кредитларнинг 475 млн долларини энергетика, транспорт ва шаҳарларни ривожлантириш, 300 млн доллари — қишлоқ жойларда турар жойлар ва инфратузилмаларни қуриш, 140 млн доллари — ижтимоий ривожлантиришга ва 85 млн доллари — мамлакатда хусусий бизнес лойиҳаларига йўналтириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон 2003 йилдан буён ИТБ аъзоси ҳисобланади. Аввал банк соғлиқни сақлаш, таълим, ирригация ва мелиорация, энергетика, сув таъминоти, коммунал хўжалик, йўл инфратузилмасини ривожлантириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги 26 та лойиҳа учун 1,4 млрд доллар ажратган эди.