10 мартдан увулдириқ сочиш мавсуми муносабати билан балиқларни овлашга вақтинчалик чеклов ўрнатилди. Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур чора мамлакат табиий сув ҳафзаларида балиқ ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун амалга оширилмоқда.

Амударё ва Сирдарёда 10 мартдан 31 майгача, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти сув ҳавзаларида 25 апрелдан 10 июнгача, мамлакатнинг бошқа сув ҳафзаларида эса 16 апрелдан 31 майгача балиқ овлаш тақиқланади.

Тақиқ қўйилган даврда барча балиқ овлаш билан шуғулланувчи ташкилот ва хусусий тадбиркорлар сув ҳавзаларидан ов воситаларини олиб қўйишлари, уларни ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиш бўйича инспекторлар иштирокида омборхона биноларига топшириб, муҳрлашлари шарт.

Тақиқ даврида табиий сув ҳавзаларида моторли қайиқлардан фақатгина ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиш бўйича давлат инспекцияси ходимлари, егерлик хизматлари эса табиатни муҳофаза қилиш органлари рухсати билан фойдаланишлари мумкин.

Бу давр мобайнида спорт-ҳаваскорлик балиқ овига моторли қайиқларсиз, қармоқлар сони эса 5 тадан ошмаган ҳолатда рухсат берилади. Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳудудий бўлинмалари Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси инспекторлари билан биргаликда тақиқ амалда бўлган даврда браконьерлик ҳамда балиқ ва балиқ маҳсулотларини ноқонуний овлаш ҳамда сотишга қарши назорат рейдларини амалга оширади.