Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи йиғилиши 12 октябрь куни чақирилади. Бу ҳақдаги қарор Сенат Кенгаши томонидан 10 октябрь куни қабул қилинди.

Парламент юқори палатаси ахборот хизматининг хабар қилишича, бўлиб ўтажак мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги масаласи ҳам ўрин олган. Ушбу масала юзасидан Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Сенатга тақдимнома киритди.

Сенаторлар, шунингдек, «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳожатманд тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисида», «Халқаро меҳнат ташкилотининг «Бирлашиш эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида"ги қонунлар ва «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунга тузатиш киритиш ҳамда бошқа қонунчилик актларини кўриб чиқади.